
Ўзбекистонда 2025 йилда туғилишлар сони 2020 йилдан буён илк бор 900 мингдан пастга тушиб, 879,6 мингни ташкил этди. Бу Статистика агентлиги маълумотларида акс этган.
2024 йил билан солиштирганда кўрсаткич 46,8 мингтага ёки 5,1 фоизга камайган. Таққослаш учун: 2024 йилда туғилиш кўрсаткичи 3,7 фоизга ёки 35,5 мингтага камайган эди.

2025 йил давомида вафот этганлар сони 177,1 минг кишига етди, бу 2024 йилдагига нисбатан тахминан 2700 кишига кўп. Аҳолининг табиий ўсиши 702,5 минг кишини ташкил этди (2024 йилда — 743,4 минг, 2023 йилда — 789,2 минг).
2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 млн 236,7 минг кишидан ошди ва бир йил давомида 1,8 фоизга кўпайди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 2 фоизга, 2023 йилда эса 2,2 фоизга ўсган эди.
Ўтган йили туғилиш коэффициенти 23,2 промиллени, ўлим кўрсаткичи эса 4,7 промиллени ташкил этди. Шаҳар аҳоли пунктларида 419,5 мингта (47,7 фоиз), қишлоқ жойларда эса 460,1 мингта (52,3 фоиз) туғилиш қайд этилган.

Вафот этганлар орасида эркаклар 55,1 фоизни (97,5 минг), аёллар эса 44,9 фоизни (79,6 минг) ташкил этди. Барча ўлим ҳолатларининг 54,1 фоизи шаҳарларда, 45,9 фоизи қишлоқ жойларда қайд этилган.
Туғилиш кетма-кет иккинчи йил камаймоқда
Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университети «Халқаро савдо» йўналиши магистри Миркомил Холбоевнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда 179 та туман ва шаҳарда туғилишнинг камайиши қайд этилган — бу охирги 15 йилдаги энг юқори кўрсаткич. Таққослаш учун, 2024 йилда 155 та туманда пасайиш кузатилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич атиги 65 тани ташкил этган эди.

Туғилиш пасайган ҳудудларда туғилишлар сони 48,4 мингтага камайган ва улар мамлакат бўйича жами туғилишларнинг қарийб 90 фоизини ташкил этган. Туғилишнинг ўсиши атиги 25 та туманда кузатилиб, у ердаги умумий ўсиш 1 722 тани ташкил қилди. 2024 йилда ижобий динамикага эга туманларда ўсиш қарийб 9000 тага етган ва уларнинг жами туғилишдаги улуши 24 фоиз бўлган эди (2025 йилда — 8,6 фоиз).

2025 йилда туғилишнинг энг юқори ўсиши Томди тумани (10,4 фоиз), Сўх тумани (5,6 фоиз) ва Сергели туманида (5,2 фоиз) қайд этилган. Энг катта пасайиш Хонабод шаҳрида (-28,5 фоиз), Бектемир (-26,4 фоиз) ва Яккасарой туманларида (-20,4 фоиз) кузатилган. Бундан ташқари, 27 та туманда туғилишнинг пасайиши 10 фоиздан, 105 та туманда эса 5 фоиздан ошган.
Ўғил болалар кўпроқ туғилмоқда

2025 йилда мамлакатда 454,7 минг нафар ўғил бола (улуши 51,7 фоиз, ўтган йилги 51,9 фоизга нисбатан) ва 424,9 минг нафар қиз бола (48,3 фоиз, ўтган йилги 48,1 фоизга нисбатан) дунёга келди. Шундай қилиб, республика бўйича ўртача ҳар 100 нафар қиз болага 107 нафар ўғил бола тўғри келди. Миркомил Холбоевнинг фикрича, бу табиий даражадан бироз юқори. 2024 йилда ўртача ҳар 100 қизга 107,3 ўғил тўғри келган эди.
Демографияда туғилиш пайтида ҳар 100 қизга 105 ўғил бола тўғри келиши табиий нисбат ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) айнан шуни «туғилишдаги жинсларнинг кутилган нисбати» деб билади. Бу шуни англатадики, ҳеч қандай камситиш ёки аралашув бўлмаган тақдирда, ҳар 100 қизга тахминан 105 ўғил бола тўғри келиши кутилади, гарчи кўрсаткич 103 дан 107 гача ўзгариши мумкин бўлса-да.

Ҳудудлар кесимида энг катта номутаносиблик Қашқадарё вилоятида қайд этилган — ҳар 100 қизга 108,9 ўғил бола (2024 йилда — 110,4). Энг паст кўрсаткич Навоий вилоятида кузатилган бўлиб, у ерда ҳар 100 қизга 105 ўғил бола тўғри келган ва бу табиий даражага яқин.
Туман ва шаҳарлар кесимида энг катта номутаносиблик Қоровулбозор туманида (ҳар 100 қизга 128,5 ўғил), Шуманай (118,7) ва Қораўзак туманларида (117,3) рўйхатга олинган. Энг кам ўғил болалар Нукус шаҳрида (ҳар 100 қизга 87,5 ўғил), Қонликўл (96,5) ва Бухоро туманларида (97,3) туғилган.
2025 йилда 146 та туман ва шаҳарда туғилишдаги ўғил ва қиз болалар нисбати 105 дан (табиий даражага яқин кўрсаткич) юқори бўлган. Таққослаш учун, 2024 йилда бундай туманлар сони 153 та эди.
Туғилиш пасайишининг эҳтимолий сабаби
Иқтисодчи Миркомил Холбоев «Газета» билан суҳбатда туғилишлар сонининг ҳозирги камайиши аҳолининг репродуктив хулқ-атвори ўзгариши билан эмас, балки кўпроқ демографик тузилма билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатда туғилиш пасайиши қайд этилган 1990-йилларнинг охирида туғилган кам сонли авлод вакиллари фарзанд кўриш ёшига кириб келмоқда.
Муқобил баҳолашлар шуни кўрсатадики, туғилишнинг умумий коэффициенти юқорилигича қолмоқда — тахминан 3,2, бу аҳоли ўсишини таъминлайдиган даражага мос келади. Никоҳ қуриш ёши сезиларли даражада ошмаган ва фарзанд кўришдан кескин воз кечиш белгилари кузатилмаяпти. «Аслида биз 1990-йиллардаги туғилиш пасайишининг кечиктирилган таъсирини кўряпмиз, бу ҳозир мутлақ рақамларда намоён бўлмоқда», — дея тушунтирди иқтисодчи ва буни «1990-йиллардаги демографик жарлик акс-садоси» деб атади.
2025 йил учун туғилишнинг умумий коэффициенти (фертиллик) бўйича маълумотлар ҳали эълон қилинмаган. Шу боис, Холбоевнинг фикрича, ҳозирча туғилишнинг пасайиши биринчи навбатда демографик тузилма (фарзанд кўриш ёшидаги авлодлар сонининг камлиги) билан боғлиқми ёки аҳолининг репродуктив қарашлари ўзгариши биланми, буни аниқ айтиб бўлмайди.