
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 3 мартдаги фармони билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш чора-тадбирларини тасдиқлади.
Ҳужжат «болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан ҳимоя қилиш, жамиятда бундай ҳодисаларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ва самарали йўлга қўйиш»га қаратилган.
Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, таклифлар идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан кенг жамоатчилик, соҳа экспертлари ҳамда илғор халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган.
Оиладаги зўравонлик
Фармон билан Оила ва хотин-қизлар марказлари қошидаги «Маиший зўравонликдан холи бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш» махсус курсларида никоҳга кирувчиларни бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилга бориб 100 фоизга етказиш мақсади қўйилган. Бундан ташқари, ушбу курслар сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш кўзда тутилган.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ҳимоя ордери олган жабрланган аёлларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) уларнинг розилиги билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «my.ihma.uz» мобил иловаси («SOS» тугмаси) ўрнатилади. Бу тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида зудлик билан хабар бериш имконини беради. Тугма босилганда 5 км радиусдаги ИИБ ходимлари 10 дақиқа ичида етиб келиши керак бўлади.
Жазонинг кучайтирилиши
Жорий йилдан бошлаб ички ишлар органлари зўравонлик содир этган шахсда руҳий бузилиш бор деб гумон қилишга асослар мавжуд бўлганда, мажбурий амбулатор психиатрик кўрикдан ўтказади, руҳий оғишлар аниқланган тақдирда эса ушбу шахсни белгиланган тартибда тиббиёт муассасасига жойлаштиради.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда, унга кўра Жиноят кодексининг 6 та моддаси: 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондириш), 121 (аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 128-1 (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов фақат прокуратура органлари томонидан олиб борилади (ҳозирда — ИИБ).
Шу санадан бошлаб жинсий тегажоғлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материалларни кўриб чиқишда жиноят аломатлари йўқлиги ҳақида прокурорнинг мажбурий қарорини олиш талаби жорий этилади. Шундан кейингина иш материаллари судга юборилади.
Жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш бўйича қуйидаги чоралар «кенг жамоатчилик, экспертлар ва фаоллар» таклифига кўра ишлаб чиқилди:
- вояга етмаганларга нисбатан ЖКнинг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритилади;
- бундай маҳкумлар психологик коррекция дастуридан ўтмасдан туриб, сақлаш шароитларини яхшилаш амалиёти тўхтатилади.
Педофиллар учун умрбод қамоқ — фақат такрорий жиноят учун
Фармон билан уч ой муддатда вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун илгари судланган шахслар томонидан қуйидаги жиноятлар қайта содир этилган тақдирда жазо белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди:
- 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик учун — умрбод озодликдан маҳрум қилиш;
- 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондирганлик учун — узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш.
Бундан ташқари, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун янада қаттиқроқ жавобгарлик белгилаш, шунингдек, тергов ва суд амалиётидан келиб чиқиб, ЖКнинг 129-моддаси диспозициясига аниқлик киритиш режалаштирилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жинсий тегажоғлик учун санкцияларни кучайтириш кўзда тутилган (ҳозирда — 5 суткагача маъмурий қамоқ).
Фемицид, фамилицид, сталкинг ва киберзўравонлик
Уч ой давомида халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида хотин-қизларни жинсига қараб қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг хоҳишига қарши изма-из таъқиб қилиш (сталкинг), интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилиш ва интернет орқали вояга етмаган билан жинсий эксплуатация қилиш мақсадида ишончли алоқа ўрнатиш (онлайн-груминг) учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш бўйича таклифлар тайёрланиши керак.
Терговчи ва судьяларни тайёрлаш
2027 йил 1 январдан бошлаб хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш ва кўриб чиқиш, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан амалга оширилиши керак.
2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудуддаги ишлар ҳажмидан келиб чиқиб, камида бир нафар терговчи ва бир нафар судья халқаро стандартларга асосланган дастур бўйича махсус тайёргарликдан ўтиши таъминланади. Махсус тайёргарликка юборишда хотин-қизлар орасидаги терговчи ва судьяларга устуворлик берилади.
Сентябрь ойидан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, ИИВ академияси ва Судьялар олий мактабида халқаро ва миллий экспертларни жалб қилган ҳолда терговчи ва судьялар учун «Жиноятлардан жабрланган хотин-қизлар ва болалар билан ишлашнинг процессуал жиҳатлари» махсус ўқув дастури ишга туширилади.