
Ўзбекистонда сунъий ёмғир чақириш технологиясини жорий этиш бўйича пилот лойиҳа ишлаб чиқилади. Бунда Франция, Хитой ва Саудия Арабистони тажрибаси асос қилиб олинади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йилги давлат дастури тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.
Прогнозларга кўра, лойиҳа ишга туширилгач, ёғингарчилик даражаси табиий фонга нисбатан 10–20 фоизга кўпайиши мумкин.
Лойиҳани ишлаб чиқиш 2026 йил 1 мартдан бошланади, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Фанлар академияси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги масъул этиб белгиланди.
2025 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Навоий вилоятининг Конимех туманида сунъий ёмғир чақириш қурилмаси ўрнатилганини маълум қилган эди. Ўшанда лойиҳа Қозоғистоннинг International Centre of Climate Change Technologies компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилганди.
Сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида уч йил ичида 10 минг км очиқ дренажларни ёпиқ тизимга ўтказиш кўзда тутилган. 1 мартдан бошланадиган биринчи босқичда Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги 3000 км дренаж ва коллектор тармоқлари ёпиқ тизимга ўтказилади.
Бундан ташқари, тажриба тариқасида ирригация каналларининг бир қисмини босимли қувурларга ўтказиш режалаштирилган. 2026 йил якунига қадар Қашқадарё вилоятидаги камида 54,1 км тармоқ шиша толали қувурлардан фойдаланган ҳолда тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилади.
504 минг гектар ер майдонида сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бу 5 млрд кубометр сувни иқтисод қилиш имконини беради. Қўшимча равишда, 1300 километр каналлар, суғориш тармоқлари ва бошқа ирригация объектлари ўзанларини бетонлаш ҳисобига йилига 500 млн кубометр сувни тежаш мўлжалланган.
Хусусан, 75,4 минг гектарда томчилатиб суғориш, 97 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 26,2 минг гектарда дискрет суғориш жорий этилади. Сув майдон бўйлаб текис тақсимланиши учун 203 минг гектар ерда лазерли текислаш усули қўлланилади.
Аввал хабар берилганидек, 2028 йилга бориб Ўзбекистондаги барча суғориладиган ерларнинг 80 фоизида сув тежовчи технологияларни қўллаш режалаштирилган. Бу йилига 3,5 млрд кубометргача сувни тежаш имконини беради.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров аввалроқ қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларга 2026 йил якунига қадар халқаро молия институтларининг 744 млн доллар маблағларини жалб этиш режалаштирилганини айтган эди.