
АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) Ўзбекистондан бўлган ноқонуний муҳожир қўлга олингани ҳақида хабар берди. Гап 31 ёшли Аҳрор Бозоров ҳақида бормоқда, уни ICE’нинг таъкидлашича, Ўзбекистонда террористик ташкилотда иштирок этганлик учун қидирилмоқда.
ICE маълумотига кўра, Ўзбекистон расмийлари 2022 йилда Бозоровни террористик ташкилотда иштирок этганлик учун ҳибсга олишга ордер берган. У интернетда терроризмга чақирувчи тарғибот материалларини тарқатганликда ва террористик фаолиятни амалга ошириш учун одамларни ёллашда айбланмоқда, дейилади ICE хабарида.
ICE Бозоровни 2025 йил 9 ноябрь куни Канзас штатида, у тижорий юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган жойда ҳибсга олди. Унда 2025 йил июль ойида Пенсильвания штатида берилган тижорий автомобилларни бошқариш учун лицензия (CDL), шунингдек, 2024 йил январь ойида олинган ишлашга рухсатнома мавжуд бўлган.
ICE маълумотларига кўра, Бозоров 2023 йил февраль ойида АҚШга ноқонуний равишда кирган, Чегара-божхона хизмати томонидан ҳибсга олинган, кейинчалик эса қўйиб юборилган.
«Дунё» АА Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига таяниб хабар беришича, Аҳрор Бозоров Жиноят кодексининг 242-моддаси («Жиноий уюшма ташкил этиш») ва 244-моддаси 3-қисмида («Оммавий тартибсизликларни амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш») назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланмоқда. У халқаро қидирувда бўлган, уни қўлга олиш бўйича операция 2024 йил май ойида бошланган ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

