
Хоразм вилоятида Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасида Ўзбекистондаги биринчи пуллик автомобиль йўли қурилиши бошланди. Бу ҳақда «O‘zbekiston 24» телеканали лавҳасида сўз юритилди.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Хоразм вилоятига қарийб 2 млн нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Туризм ва саноатнинг ривожланиши билан бир вақтда амалдаги Урганч — Хива автомобиль йўлига тушадиган юклама ортиб, тез-тез тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлди.
Узунлиги 35 км бўлган янги трасса мавжуд 34 кмлик йўлга (Хива шоссеси D215) муқобил бўлади. У тўрт тасмали, асфальт-бетон қопламали бўлиб, ўтказувчанлик қуввати суткасига 20 мингтадан ортиқ автомобилни ташкил этади. Йўлга сарфланадиган вақт 60 дақиқадан 17 дақиқагача қисқариши кутилмоқда.
Январь ойида тақдим этилган биринчи лойиҳа таклифига кўра, янги йўл Хивадаги Элобод ва Нурли Ҳаёт кўчалари чорраҳасидан (вокзал яқинидан) Урганч аэропортигача бўлган масофани қамраб олиб, вилоят марказини жануб ва шарқдан айланиб ўтади. Трасса узунлиги 35 кмга етказилгани ҳисобига чизма ўзгарган бўлиши мумкин.
Лойиҳа буюртмачиси ва пудратчиси ҳозирча очиқланмаган. Шунингдек, тендер ўтказилгани ёки йўқлиги ҳамда йўлдан ўтиш тарифи қанча бўлишига аниқлик киритилмаган.
Автомобиль йўллари қўмитасининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Дилшод Ниязметов қурилиш ишлари халқаро стандартлар асосида олиб борилаётганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мавжуд йўл сайёҳлик соҳаси ва маҳаллий аҳоли учун «сезиларли ноқулайликлар» туғдирмоқда.
Лойиҳа 5 та лотга бўлинган. Унда 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннель ва 5 та махсус ўтиш жойи барпо этилиши кўзда тутилган. Қурилиш қиймати 120 млн долларга баҳоланмоқда.
Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари — сизот сувларининг юзадалиги ва ҳароратнинг кескин ўзгаришини инобатга олган ҳолда, лойиҳада коллекторлар ва замонавий дренаж тизимларини қуриш кўзда тутилган. Йўл конструкциясининг қалинлиги қарийб 87 смни ташкил этади, юқори қатламлар иқлим юкламаларига чидамли бўлган модификацияланган битум материалларидан бажарилади.
Сифат назорати учун халқаро маслаҳатчилар жалб этилган. Қурилишга 1000 дан ортиқ мутахассис ва 1000 дан зиёд техника жалб қилинган.
Туркиялик муҳандис Булент Байирнинг маълум қилишича, лойиҳа сунъий интеллектга асосланган транспорт оқимини бошқаришнинг рақамли тизимларини жорий этишни ўз ичига олади. Улар транспорт воситалари турларини — юк автомобиллари, автобуслар, микроавтобуслар ва енгил машиналарни аниқлай олади.
«Йўл-лойиҳа бюроси» давлат компанияси директори Ғулом Зоҳидов пуллик йўл лойиҳалаш ишлари президент қарорларига мувофиқ бошланганини, қурилиш ишлари эса лойиҳалаш билан параллель равишда олиб борилаётганини қайд этди.
Йўлнинг бошида, ўртасида ва охирида терминаллар ҳамда иккита сервис пункти қуриш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ҳайвонлар учун алоҳида ўтиш жойлари, аҳоли пунктлари йўллари билан кесишган жойларда эса йўл ўтказгичлар қуриш кўзда тутилган. «Бу Урганчдан Хивагача тўсиқсиз ҳаракатланишни таъминлаш имконини беради», — деди.
Автомобиль йўли билан бир қаторда унга ҳамроҳ инфратузилма лойиҳаси — Урганч халқаро аэропортидан Хивагача бўлган электрлаштирилган темир йўл тармоғи қурилиши ҳам амалга оширилмоқда. Янги тармоқ узунлиги 10,85 км, қиймати эса 18 млн доллардан ортиқни ташкил этади. Қурилишни 2026 йил июль ойида якунлаш режалаштирилган.
Шунингдек, Шовот канали орқали кўприк қурилиши ҳам давом этмоқда. Автомобиль йўли, темир йўл тармоғи ва аэропорт яхлит логистика тизимини ташкил этиб, Хива билан тезкор ва қулай алоқани таъминлаши керак.
2026 йилда Тошкент — Самарқанд ва Тошкент — Андижон пуллик йўлларини қуриш режалаштирилган эди.
Тошкент — Самарқанд йўли учун 15 мартгача хорижий шерикни жалб қилиш, сентябргача эса битим имзолаш мўлжалланган. Қурилиш ишлари 2026 йил 1 декабрдан бошланиши керак.
Тошкент — Андижон йўналиши бўйича 2026 йил 1 июлдан пуллик трасса қуриш учун тендернинг иккинчи босқичи ўтказилади. Бундан ташқари, Қарши — Шаҳрисабз — Китоб ва Пунган — Наманган йўналишлари бўйича йўлларни реконструкция қилиш, шунингдек, яна 1200 км трассаларни таъмирлаш ишлари бошланади.