
Ўзбекистонда мажбурий сертификатлаштириш бекор қилинади ва бозор назоратига ўтилади. Бу ҳақда 2026 йил 12 февраль куни куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда сўз борди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, охирги тўрт йилда миллий стандартларнинг ярми халқаро талаблар билан уйғунлаштирилди. Ўзбекистон лабораториялари натижалари бугунги кунда 37 та мамлакатда, жумладан Германия, Япония ва Жанубий Кореяда тан олинмоқда. 156 та товар позицияси учун мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинди, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган товарлар рўйхати эса 27 фоизга қисқарди.
Корхоналар назоратидан — бозор назоратига
Шу билан бирга, соҳада қатор ҳал этилмаган масалалар сақланиб қолмоқда, дейилади хабарда. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида техник жиҳатдан тартибга солиш тизими халқаро талабларга тўлиқ мос келиши лозим.
Маҳсулотни баҳолашда корхоналар фаолиятини текшириш бўйича амалдаги амалиёт бизнеснинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Қоидабузарликлар аниқланганда, текширувчилар кўпинча муайян товар партияси айланмасини эмас, балки бутун корхона фаолиятини тўхтатиб қўядилар.
Ривожланган мамлакатларда хавф-хатарларни таҳлил қилишга асосланган бозор назорати тизими қўлланилади. Ишлаб чиқарувчи товарнинг стандартларга мувофиқлигини ўзи декларация қилади ва унинг сифати ҳамда хавфсизлиги учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Шу муносабат билан давлат назоратидан босқичма-босқич воз кечиш ва бозор назорати механизмларига ўтиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун алоҳида «Бозор назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланди.
Президент эскирган стандартлар ва самарасиз техник регламентлардан воз кечиш ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ ўтиш масаласига тўхталди. Бугунги кунда мамлакатда 33 мингдан ортиқ стандарт мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 50 фоизи эскирган ёки халқаро талабларга жавоб бермайди.
Ҳукумат 6 та техник регламентни бекор қилишни ва яна 29 тасини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Жорий йилда 4460 та халқаро стандартни қабул қилиш, 2027 йилда — 2500 дан ортиқ, 2028 йилда эса 817 та стандартни қабул қилиш кўзда тутилган.
Янги қоидаларни жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади ва иқтисодиётнинг барча асосий соҳаларини қамраб олади. 2026 йил 1 июлдан бошлаб тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель, электротехника, автомобилсозлик саноати ва ахборот технологиялари соҳасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда халқаро стандартлар жорий этилади.
Нефть-газ, металлургия, транспорт тармоқларида, қурилиш материаллари ва тиббий буюмлар индустриясида ўтиш 2027 йилга, энергетика, кимё саноати, экология ва хизмат кўрсатиш соҳаларида эса 2028 йилга режалаштирилган.
Президент амалдаги сертификатлаштириш тизими маҳсулот таннархининг ошишига олиб келишини, бюрократия ва коррупция учун замин яратишини таъкидлади.
Шу муносабат билан хавф-хатарларни таҳлил қилиш асосида баҳолашни жорий этиш, қолган товар позициялари бўйича мажбурий сертификатлаштиришни бекор қилиш ва босқичма-босқич мувофиқликни декларациялашга ўтиш режалаштирилмоқда.
Ислоҳот доирасида янги «Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш кўзда тутилган.
Йиғилишда, шунингдек, UzTest марказини тугатиш, Аккредитация марказини эса Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Синов ва сертификатлаштириш хизматлари тўлиқ хусусий секторга топширилади. «СUz» миллий мувофиқлик белгисини жорий этиш таклиф қилинмоқда.