Ўзбекистонда АОКА тугатилмоқда, қонунчилик илмий асосда шаклланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) тугатилмоқда. Бу давлат раҳбарининг «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган, дея хабар берди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

АОКА негизида Миллий контент ишлаб чиқариш маркази ташкил этилади.

Бундан ташқари, бундан буён барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳалар Президент Администрацияси ҳузуридаги таҳлилий институтларнинг илмий тадқиқотлари асосида, олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Асосий йўналишларни амалга ошириш лойиҳа офислари орқали олиб борилади, Президент Администрацияси фаолиятига эса комплаенс тизими жорий этилади.

Алоҳида йўналишлар бўйича Президент вакиллари лавозимлари таъсис этилди.

Шу билан бирга, матбуот котиблари институти кучайтирилади, аҳоли ва ОАВ билан ўзаро ҳамкорликнинг янги тизими жорий этилади. Бу давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.

Президент Администрацияси раҳбари лавозимининг қайта тикланиши

Айнан шу фармонда Президент Администрацияси ва унинг тизимидаги ташкилотларни қайта ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, штатлар сони 284 тага қисқартирилади. Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбарининг 5 та ўринбосари лавозими киритилмоқда, янги департаментлар, жумладан, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаментлар ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида Президент Президент Администрацияси раҳбари ва унинг ўринбосарлари лавозимларини тугатган, собиқ Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов эса Президентнинг алоҳида топшириқлар бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган эди.

Айнан ўшанда 2022 йил ноябрь охирида ташкил этилган Президент Администрацияси раҳбарининг ҳудудлардаги ёрдамчилари лавозимлари ҳам тугатилган эди. Бу янгилик «ҳудудлар билан бевосита алоқа ўрнатиш ва жойлардаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда тезкор чоралар кўриш» зарурати билан изоҳланган эди.

2025 йил 23 июнь куни давлат раҳбарининг фармони билан Президент Администрацияси раҳбари лавозими қайта таъсис этилгани маълум бўлди. Бу лавозимни аввал Президент ёрдамчиси бўлиб ишлаган Саида Мирзиёева эгаллади.