
Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси Россия саноати учун сезиларли иқтисодий самара беради. Бу ҳақда 2026 йил 24 март куни журналистлар билан суҳбатда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв маълум қилди.
2026 йил 24 март куни «Ўзатом» ва «Росатом» ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» ва АЭС қурилиши контрактига доир келишувни имзоладилар. Лойиҳа янги конфигурацияда амалга оширилади: 3+ авлодидаги ВВЭР-1000 реакторлари базасидаги иккита йирик қувватли энергоблок (ҳар бири 1 ГВт) ва ҳар бири 55 МВт қувватга эга РИТМ-200Н реакторли иккита энергоблок (дастлаб олтита реактор кўзда тутилган эди). Объектнинг умумий қуввати 2110 МВт ни ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида Жиззах вилоятида илк бетон ишлари бошланди.
Лихачёвнинг сўзларига кўра, лойиҳа Россия саноати манфаатлари нуқтаи назаридан иккита муҳим жиҳатга эга. Биринчиси — Россия корхоналари учун буюртмалар жойлаштириш бўлиб, бунда нафақат давлат корпорацияси таркибига кирувчи, балки хусусий ва давлат иштирокидаги бошқа компаниялар ҳам жалб этилади.
«Фақат кичик блокнинг қурилиши 2 триллион рублгача (РФ Марказий банки курси бўйича 24,7 млрд доллар) буюртма ҳажмини беради. Бандлик ва иш ўринлари яратиш нуқтаи назаридан эса — бу бевосита Россия Федерациясининг ўзида 1000 га яқин иш ўрни демакдир», — деди.
Унинг айтишича, лойиҳа иқтисодиёт учун яққол мультипликатив самарага эга. Қурилиш босқичида киритилган ҳар 1 рубль учун 1,5 рубль, станциядан фойдаланиш босқичида эса 2 рублгача инвестициялар қайтиши кутилмоқда. Лихачёв, шунингдек, Ўзбекистонда ишларни маҳаллийлаштириш муҳим роль ўйнашини таъкидлади.
Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») директори Азим Аҳмедхўжаев лойиҳа қиймати ҳақидаги саволга жавоб берар экан, асосий эътибор нархни туширишга эмас, балки хавфсизлик стандартларига риоя қилишга қаратилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, томонлар ишлар ва харидларнинг бир қисмини маҳаллийлаштиришга келишиб олганлар.
«Биз „Росатом“ билан кўрсатиладиган хизматларни максимал даражада маҳаллийлаштириш, шунингдек, станция қурилиши учун зарур материалларни сотиб олиш бўйича келишувга эришдик. Бугунги кунда маҳаллийлаштириш даражаси минимал 29–30 фоизни ташкил этмоқда», — деди Азим Аҳмедхўжаев. У барча материаллар қатъий лаборатория текширувидан ўтказилишини қўшимча қилди.
Кичик АЭС қиймати ва молиялаштириш
2025 йил март ойида «Ўзатом» раҳбари Азим Аҳмедхўжаев Ўзбекистондаги кичик АЭС қиймати 2 млрд доллардан паст бўлишини маълум қилган эди. Ўша вақтда умумий қуввати 330 МВт бўлган олтита реакторли станция қурилиши кўзда тутилганди. Ўшанда у лойиҳани Россия маблағларини жалб қилмаган ҳолда, ташқи инвестициялар ва Хитойнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилганини айтган эди. Давлат бюджетини минимал даражада жалб қилиш кўзда тутилганди.
Сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззах вилояти Фориш туманидаги бўлажак атом станцияси конфигурациясини ўзгартирувчи ҳужжатларни имзоладилар. Олтита кичик энергоблок ўрнига иккита кичик ва иккита йирик (ҳар бири 1 ГВт) реактор режалаштирилди. Кичик ва йирик АЭСни бир вақтда жойлаштириш орқали иқтисодий жиҳатдан энг мақбул вариант кутилмоқда.
2025 йил октябрь ойида АЭС қурилиши бўйича дирекция директори Абдужамил Калмуратов кичик АЭС лойиҳаси қиймати 1 млрд доллардан ошмаслигини, якуний сумма эса контрактда белгиланишини айтди. Шунингдек, у қурилиш давлат бюджетидан молиялаштирилишини таъкидлади. «Ҳа, бу давлат бюджети. Буни давлат қураётир — бу тўлиқ Ўзбекистон лойиҳаси. Молиялаштириш манбаи — бизнинг бюджетимиз», — деди.
Эслатиб ўтамиз, кичик АЭС асосида атом музёрар кемаларида ишлатилган РИТМ-200Н реактори ётади, бироқ ушбу реакторли ер усти АЭСи ҳали қурилмаган ва синовдан ўтмаган. Ўзбекистон битта майдончада бир вақтнинг ўзида кичик ва йирик АЭС жойлаштириладиган дунёдаги биринчи мамлакат бўлади. Атом электр станцияси лойиҳаси бўйича тендер ўтказилмаган.