
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 2026 йил 19 январь куни аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳамда ўтказиш ишларининг бориши тўғрисида ахборот берилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Рўйхатга олиш жорий йилнинг 15 январидан 28 февралигача икки босқичда ўтказилмоқда. 15—31 январь кунлари давом этадиган биринчи босқич доирасида фуқаролар онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари мумкин. Иккинчи босқичда, 4—28 февраль кунлари «маҳалла еттилиги» ходимлари хонадонма-хонадон юришни бошлайдилар ва планшетлардан фойдаланган ҳолда анкеталарни тўлдирадилар.
Онлайн рўйхатга олиш census.stat.uz порталида OneID тизими орқали идентификациядан ўтган ҳолда амалга оширилмоқда. Маълумотлар геоахборот тизими ёрдамида мониторинг қилиняпти. Бунинг учун бутун мамлакат бўйлаб 7,6 миллиондан ортиқ хонадон ва турар жой объектларининг геолокациялари шакллантирилди ҳамда махсус мониторинг панеллари ишлаб чиқилди. Улар рўйхатга олиш жараёнини реал вақт режимида кузатиш имконини беради.
«Фуқаролар томонидан тақдим этиладиган барча маълумотлар қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимояланган, шахсий маълумотлар махфий ва улардан фақат статистик мақсадларда фойдаланилади», — дейилади хабарда.
Рўйхатга олишни ўтказиш учун 14 та ҳудудий ҳамда 208 та туман ва шаҳар штаблари ташкил этилган. 60 мингга яқин рўйхатга олувчи ходимлар тайёрланган. Хусусан, жараёнга «маҳалла еттилиги»нинг 54 минг нафар вакили, 2600 нафар захира ходими ва ҳудудий штабларнинг 4000 нафар аъзоси жалб қилинган. Бундан ташқари, вазирлик ва идоралардан 480 нафар тренер ҳамда олий ўқув юртларидан 3200 нафар кўнгилли ўқитилган.
Аҳолини хабардор қилиш учун 110 та тушунтириш видеоролиги ва 600 та телевизион лавҳа тайёрланган. Ижтимоий тармоқларда 6300 та, одамлар гавжум жойларда ва жамоат транспортларида эса 23 мингдан ортиқ ахборот материаллари эълон қилинган.
Ҳозирги вақтда census.stat.uz портали орқали 2,48 миллион хонадон, шунингдек, 31 мингта фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналари рўйхатга олинган.
Президент рўйхатга олишни сифатли ўтказиш, маълумотлар ишончлилигини таъминлаш ва улардан давлат режалаштиришида кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Аввал хабар берилганидек, аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш — бу шунчаки статистик маълумотларни йиғиш воситаси эмас. Ушбу жараён орқали давлат аҳоли сони, унинг ёши, шунингдек, ер майдонлари, чорва моллари ва экин турлари ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлишни кутмоқда.
«Бу давлат сиёсатини тўғри шакллантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ҳар бир ҳудудни ривожлантириш учун асос яратиш имконини беради», — деб қайд этган эди аввалроқ Миллий статистика қўмитаси.
Рўйхатга олиш якунлангач, аҳолининг демографик таркиби, миграция жараёнлари, оилавий аҳволи, фаолият турлари ва даромад манбалари ҳақида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Ўзбекистонда охирги марта аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган.