
Ўзбекистонда 2025 йилнинг 11 ойи давомида 10222 та ёнғин содир бўлди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга кўп. Бу ҳақда 2025 йил 17 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев маълум қилди.
«Ҳодисалар натижасида 102 киши тан жароҳати олди, 67 киши ҳалок бўлди. Ёнғинлар асосан инсон омили — эҳтиётсизлик, иситиш печлари ва электр жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш туфайли содир бўлмоқда. Бунда барча ёнғинларнинг 76 фоизи аҳолининг турар жойларига тўғри келади», — деди ФВВ раҳбари.
Таққослаш учун, 2022 йилда Ўзбекистонда 10 260 та ёнғин қайд этилган бўлиб, улар оқибатида 170 киши жароҳатланган, 98 киши ҳалок бўлган. 2023 йилда 10 204 та ёнғин қайд этилиб, 172 киши тан жароҳати олган, ҳалок бўлганлар сони 79 нафарни ташкил этган. 2024 йилнинг январь-октябрь ойларида 8000 га яқин ёнғин содир бўлиб, уларнинг қурбонлари 44 кишини ташкил этган.
Профилактикани кучайтириш мақсадида куздан бери мамлакатда бир вақтнинг ўзида бир нечта кампания амалга оширилмоқда:
- 1 октябрдан — «Ёнғинлардан эҳтиёт бўлинг» умуммиллий кампанияси;
- 1 ноябрдан — фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тадбирлари;
- 1 декабрдан — ёнғин хавфсизлиги ойлиги.
Вазир шунингдек, 2026 йил 1 январдан Тошкент вилоятида печлар ва мўриларга профессионал хизмат кўрсатишни назарда тутувчи «Маҳалла муҳофазаси» пилот лойиҳаси ишга туширилишини маълум қилди. Лойиҳа Тошкент, Бўстонлиқ, Қибрай, Зангиота туманлари ва Чирчиқ шаҳрида бошланади.
ФВВ маълумотларига кўра, 323 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотлар рўйхатга олинган бўлиб, улардан 80 мингтаси батафсил ва назорат текширувларидан ўтказилган. Раҳбарларга 1,3 млн та мажбурий кўрсатма берилиб, 1,2 млн та камчилик бартараф этилган. Катта харажат талаб қиладиган 100 мингдан ортиқ қоидабузарлик бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинган.
Мактаб ва боғчаларда 68 540 та камчилик аниқланиб, уларнинг 47 фоизи бартараф этилган. Шу каби текширувлар олий ўқув юртлари ва тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилган.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун 52 минг нафар раҳбар ва масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. 23 мингта бинонинг фаолияти 10 кунгача бўлган муддатга вақтинча тўхтатилди, 113 мингта носоз электр жиҳозидан фойдаланиш тақиқланди.
Вазирнинг таъкидлашича, ўтказилган таҳлиллар 16 йил аввал қабул қилинган амалдаги «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун замонавий талабларга жавоб бермаслигини кўрсатди.
«Ресурслар, амалиёт ва натижаларга асосланган баҳолаш якунларига кўра, қонуннинг самарадорлиги 31 фоизни ташкил этди. Шу муносабат билан ФВВ, Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар иштирокидаги ишчи гуруҳ томонидан янги механизмлар ишлаб чиқилмоқда», — деб баёнот берди Қудратхўжаев.
Шу билан бирга, соҳани фаол рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятларни прогноз қилишнинг ягона ахборот тизими яратилди, «E-inspector» аппарат-дастурий мажмуаси жорий этилди, хавфли ва кимёвий омборларни назорат қилиш дастурий таъминоти ишлаб чиқилди, олтита ҳудуддаги кўп қаватли уйларда видеокузатув тизимлари ўрнатилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда биноларнинг фасад қисмида тез ёнувчи материаллардан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Президент 44 мингдан ортиқ кўп қаватли биноларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини ўрганиш бўйича топшириқ берган. Коммунал хизматлар ва бошқарув компанияларини ФВВ диспетчерлик тизимига интеграция қилиш кўзда тутилган.

