
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 17 июнь куни Астанада музокаралар ўтказди. Давлат раҳбари ушбу шаҳарга «Марказий Осиё — Хитой» саммитига ташриф буюрган, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбарлари сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари «мисли кўрилмаган юқори даражага» эришганини таъкидладилар.
Барча даражадаги алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани қайд этилди. Ташқи ишлар вазирларининг стратегик мулоқоти йўлга қўйилди. 2025 йил июнь ойи бошида Самарқандда иккинчи Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди.
2024 йилда товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистон ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус саноат зоналари фаолият юритмоқда, BYD электромобиллари ишлаб чиқариш кенгаймоқда.
«Яшил» энергетика, нефть-газ сектори, кимё, фармацевтика, металлургия, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қурилиш саноати, шунингдек, логистика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.
ХХРнинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорлик олиб борилмоқда. «Ипак йўли» фонди билан инвестиция платформасини кенгайтириш режалари белгиланган. Хитой Эксимбанки иштирокида пойтахтда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Ушбу банкнинг Тошкентда минтақавий филиали очилган.
Томонлар қашшоқликка қарши курашда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Етакчилар, шунингдек, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон стратегик темир йўлини қуришни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
Таълим, фан, туризм ва маданият, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларида алмашинувларни ривожлантиришдан манфаатдорлик қайд этилди.
Ўзбекистонда ХХР Шимоли-Ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмон университети филиали фаолият юритмоқда, Урганч университети базасида Пекин университети билан ҳамкорликда Халқаро математика маркази ташкил этилган.
2024 йили Конфуций институти фаолиятининг 20 йиллиги нишонланди, Хитойнинг «Лу Бань устахонаси» касбий таълим тизими жорий этилмоқда.
Келгуси йилда икки мамлакатда Маданият ва санъат ҳафталикларини ўзаро ўтказиш режалаштирилган.
Учрашув давомида томонлар халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар. БМТ, ШҲТ, «Марказий Осиё — Хитой» формати ва бошқа кўп томонлама майдончалар доирасида мувофиқлаштириш ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Хитой етакчилари иштирокида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисидаги протокол имзолангани эълон қилинди. Эслатиб ўтамиз, томонлар музокаралар якунланганини 2024 йил ноябрида эълон қилган эдилар.