Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи 2025 йил 24 октябрь куни Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲТБ) имзолади, дея хабар берди Европа комиссияси матбуот хизмати.

Ҳужжатни имзолаш маросими Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида бўлиб ўтди.

Битимга Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас ва ЕИнинг Кенгайиш бўйича комиссари Марта Кос имзо чекдилар.

«Ҳужжат минтақавий алоқаларнинг чуқурлашуви ва 4 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган „Марказий Осиё — ЕИ“ саммитидан сўнг уларни стратегик ҳамкорликнинг янги даражасига олиб чиқилишини англатади», — дейилади хабарда.

Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен: «Самарқандда биз Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни чуқурлаштириш мажбуриятини олдик. Бугун Ўзбекистон билан узоқ йиллик алоқаларимизни мустаҳкамлаган ҳолда бу мажбуриятни бажармоқдамиз. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг фуқароларимиз манфаати учун биргаликда ишлаши учун асос яратади. Ҳозирги мавжуд мустаҳкам шерикликни мустаҳкамлашнинг айни вақти», — деди.

Бу ҳужжат нима ҳақида?

Президент матбуот хизмати эслатишича, мазкур ҳужжат 1996 йилдаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосланган Ўзбекистон-Европа ҳамкорлигининг ҳуқуқий базасини янгилайди ва сезиларли даражада кенгайтиради.

Янги битим лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланган ва 2022 йил июль ойида якунланган. Тахминий келишувга 2022 йил 6 июлда Брюсселда эришилган. Ҳужжат 9 бўлим, 356 модда ва 14 иловадан иборат.

Битим сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва савдо ҳамда инвестициялар, барқарор ривожланиш ва ўзаро боғлиқлик, интеллектуал мулк, инновациялар, таълим, экология ва иқлим ўзгариши, шунингдек, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун янги ҳуқуқий асос яратади.

У, шунингдек, ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги, жумладан, можароларнинг олдини олиш ва инқирозларни бошқариш, киберхавфсизлик ва минтақавий барқарорлик борасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиради.

Бундан ташқари, битим янги соҳаларда, масалан, ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида 2024 йилда имзоланган ўзаро англашув меморандуми асосида ўта муҳим хомашёлар соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини очади.

Шунингдек, минтақавий ўзаро боғлиқликни, шу жумладан Транскаспий транспорт коридори доирасида мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Еврокомиссия: «КШҲТБни имзолаб, ЕИ ва Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва нормаларига, шунингдек, самарали кўп томонлама ҳамкорлик орқали тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлади», — дея таъкидлади.

Ўзбекистон ва ЕИ, шунингдек, хизматлар ва товарлар бозорига кириш бўйича икки томонлама музокаралар якунланганини эълон қилди. «Бу Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнидаги муҳим босқич. У ЕИнинг Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини сиёсий қўллаб-қувватлашини таъкидлайди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон-ЕИ икки томонлама битими Ўзбекистоннинг товарларни импорт ва экспорт қилишда максимал тариф ставкалари бўйича мажбуриятларини ва хизматлар соҳасидаги ён беришларини назарда тутади. Бу мажбуриятлар ва ён беришлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши тўғрисидаги келажакдаги Протоколда мустаҳкамланади.

Ўзбекистон аввалроқ 2026 йилдаги ЖСТнинг 14-вазирлар конференциясигача ЖСТга кириш мақсадига эришиш учун музокаралар суръатини қўллаб-қувватлаш ниятини тасдиқлаган эди.

КШҲТБнинг савдо-иқтисодий қоидалари Европа Иттифоқи бозорига кириш ва ушбу тизим бенефициари сифатида Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш бўйича мажбуриятлари қисмида GSP+ преференциялар тизимининг афзалликларини тўлдиради.

Ўзбекистон ЕИнинг Марказий Осиёдаги ҳажми бўйича иккинчи йирик савдо ҳамкоридир. GSP+ туфайли ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ўсди: 2024 йилда умумий товар айирбошлаш қарийб 4,8 млрд еврога етди — икки томонлама товар савдоси 2020 йилдан бери деярли икки баравар ошди. ЕИ, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкоридир (2024 йилда мамлакат ташқи савдосининг 10,4% улушига эга эди).

Кенгайтирилган шерикликлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ) 1996 йилда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни алмаштирди.

ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас: «Ўзбекистон ЕИ учун муҳим ҳамкор. Бугунги тарихий битим ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда янги боб очмоқда. Бу бизнинг сиёсий ва савдо алоқаларимизни ривожлантиришда муҳим қадамдир. Инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамиятининг иштироки ва демократия бизнинг янада яқинроқ ҳамкорлигимизнинг асосий элементлари бўлади. Биз биргаликда янада мустаҳкам шерикликни қурмоқдамиз», — дея таъкидлади.