Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари бир қатор қўшма лойиҳаларга старт берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2025 йил 15 ноябрь куни Тошкентдаги «Кўксарой» қароргоҳида музокаралар, Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказдилар ва қатор қўшма лойиҳаларни ишга туширдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистонда учинчи марта давлат ташрифи билан бўлиб турибди (бундан аввал 2019 ва 2022 йилларда бўлган). Президентларнинг тор доирадаги музокараларида ушбу ташриф Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирилди.

2025 йил бошидан буён товар айланмаси 4 млрд долларни ташкил этгани қайд этилди. Томонлар ўзаро етказиб беришни ошириш ва импорт ўрнини босиш ҳисобига бу кўрсаткични 2030 йилгача 10 млрд долларга етказиш ниятини тасдиқладилар.

Саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформасини ишга тушириш таклиф қилинди. Ҳозирги вақтда 8 млрд доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳалар портфели шакллантирилган. У кимё, геология, инфратузилма, логистика, агросаноат ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олади.

Президентлар энергетика, транспорт, кимё саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, IT ва бошқа йўналишлардаги шерикликка тўхталдилар.

Ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш мақсадида томонлар 2026 йилда Қозоғистонда икки давлат Ҳудудлар раҳбарларининг биринчи кенгашини ўтказишга келишиб олдилар.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Олий давлатлараро кенгаш йиғилиши

Президентлар раислигидаги Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида (бу формат 2024 йилда таъсис этилган) «ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари» ва «икки томонлама салоҳиятдан фойдаланиш йўллари» кўриб чиқилди, дея хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

«Ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъминлаш, унинг тузилмасини диверсификация қилиш ва бизнес учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди», – дейилади хабарда.

Транспорт ва логистика соҳасидаги шериклик устувор йўналиш сифатида белгиланди. Учқудуқ – Қизилўрда маршрути каби янги транспорт йўлакларини яратиш бўйича қўшма ишлар олиб бориш, Ақтау, Қуриқ ва Хоргос портларида юк ташишларни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.

Энергетика ресурсларини ташиш ва қайта ишлаш, энергия тежаш, «яшил» технологиялар ва IT соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

Илмий ва таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни давом эттириш ҳамда олий ўқув юртлари ўртасидаги қўшма дастурларни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Қўшма туристик йўналишларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тарихий диққатга сазовор жойлари, бой маданий ва маънавий меросини оммалаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Сув-экология соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинади. Томонлар ташриф доирасида Трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги Битим имзоланганини олқишладилар.

Қосим-Жомарт Тўқаев икки томонлама муносабатлар «мисли кўрилмаган юқори даражага» кўтарилганини, Марказий Осиё эса «бутун дунёга дўстлик ва ҳамкорлик минтақаси сифатида танилганлигини» қайд этиб, бунда Шавкат Мирзиёевнинг улкан хизмати борлигини таъкидлади.

У Шавкат Мирзиёевни «ўзбек халқининг тан олинган етакчиси, халқаро майдонда катта обрўга эга бўлган ва Янги Ўзбекистоннинг асосчиси бўлган буюк давлат арбоби», деб атади.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли раҳбарлиги туфайли Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ҳайратланарли натижаларга эришди, бутун дунёга муваффақиятли ривожланаётган давлат сифатида танилди», – деди Қозоғистон президенти.

Қўшма лойиҳаларни ишга тушириш

Кенгаш йиғилиши якунида Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев умумий қиймати қарийб 1,3 млрд доллар бўлган йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.

Жумладан, Сирдарё ва Туркистон вилоятларида «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси маркази ва Тошкентда «Тенге банк»нинг янги бош офиси фаолияти бошланди.

Тошкент вилоятида Silkway Central Asia кўп тармоқли логистика маркази, Қашқадарё вилоятида чизиқли алкилбензол ишлаб чиқариш бўйича нефть-газ-кимё мажмуаси, Янги Тошкентда «Астана» мавзеси, шунингдек, пойтахтларда «Тошкент» ва «Астана» меҳмонхона мажмуалари қурилишига старт берилди.