Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 08/02/2026

Ўзбекистон ва Покистон катта ҳужжатлар пакетини имзоладилар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 2026 йил 5 февраль куни Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказдилар. Бу ҳақда давлат ташрифи билан Исломободда бўлиб турган Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартиби кўриб чиқилди.

2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 500 млн долларга етди. Мамлакатлар яқин йилларда ушбу кўрсаткични 2 млрд долларга етказиш устида ишлашни давом эттирмоқдалар.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Тўқимачилик, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон-Покистон Ишбилармонлар кенгашини, Ҳудудлар форумини ташкил этиш, шунингдек, амалдаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини бир неча баробар кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Хабар қилинишича, ташрифга тайёргарлик кўриш доирасида қишлоқ хўжалиги, электротехника, геология, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати ҳамда бошқа соҳаларда қарийб 3,5 млрд долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Томонлар Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, «Покистон — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» транспорт йўлагини илгари суриш муҳимлигини қайд этдилар.

Бу йил Покистонда Ўзбекистон маданияти ҳафтаси ва Ўзбек киноси кунларини ўтказиш режалаштирилган. Ўзбекистон Президенти Лоҳурда Бобурийлар меросини тарғиб қилиш бўйича қўшма маданият марказини ташкил этишни таклиф қилди.

Имзоланган ҳужжатлар

Йиғилиш якунлари бўйича Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф Қўшма декларацияни имзоладилар.

Уларнинг иштирокида қатор ҳужжатлар алмашилди. Улар орасида — Ўзбекистон-Покистон экспертлар кенгашини ташкил этиш, порт хизматлари, тоғ-кон иши ва геология, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика маҳсулотлари назорати, тўқимачилик ва тикувчилик саноати, рақамли ва ахборот технологиялари, маданият ва спорт, радиациявий ва ядровий хавфсизлик, экология ва табиий офатлар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар бор.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва янги психоактив моддалар ҳамда уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига қарши курашиш, озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш, Буюк Бобурийлар сулоласи меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш, Термиз ҳокимлиги ва Пешовар маъмурияти, Самарқанд ҳокимлиги ва Исломобод маъмурияти, Тошкент шарқшунослик университети ва Пешовар университети ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Шунингдек, фавқулодда вазиятларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, икки мамлакат Мудофаа вазирликлари ўртасидаги «йўл харитаси», Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимга янги товарлар рўйхатини киритиш тўғрисидаги баённомалар, шунингдек, Ўзбекистондан Покистонга янги узилган олма, анжир, лимон ва аччиқ қалампир экспорт қилиш бўйича фитосанитария талаблари тўғрисидаги баённомалар имзоланди.