
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди ташқи сиёсат идораси раҳбари.
Суҳбат давомида Озарбайжон ТИВ раҳбари ҳамкасбига Нахичеванга қилинган дронлар ҳужуми ҳақида маълумот берди, ушбу ҳужум натижасида тинч аҳоли вакиллари жабрланган ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етказилган.
«Ушбу ҳужумлар муносабати билан жиддий хавотир билдирдик. Халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид бўлган ҳамда бошқа давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузувчи ҳаракатлар қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидладик», — деб ёзди Бахтиёр Саидов.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 5 март куни кундузи Эрон ҳудудидан учирилган иккита дрон Озарбайжонга — Нахичеван аэропорти учиш майдонига ва қишлоқ мактаби яқинига қулаган эди. Икки нафар маҳаллий фуқаро жароҳат олган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондан тушунтириш талаб қилди ва Эрон элчисини чақиртириб, унга протест билдирди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, «мамлакат ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш, тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун зарур жавоб чораларини тайёрлаётганини» маълум қилди.