Ўзбекистон ва Туркманистон йил охиригача чегараолди савдо зонасини ишга туширади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 август куни «Озарбайжон — Туркманистон — Ўзбекистон» уч томонлама саммитида иштирок этиш учун Туркманистонга борди.

«Аваза» миллий туристик зонасининг Конгресс марказида у Туркманистон Халқ маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан яккама-якка ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Томонлар Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқди.

2025 йил бошидан буён Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 700 млн долларни ташкил этди. Февраль ойидан бошлаб мамлакатлар ўртасида эркин савдо режими амал қилади, пойтахтларда савдо уйлари ишламоқда. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Жорий йилда «Шовот — Дошўғуз» чегараолди савдо зонасини ишга тушириш бўйича қўшма ишлар якунланмоқда. Эслатиб ўтамиз, унинг қурилиши 2022 йил октябрь ойида бошланган эди. У ерда савдо павильонлари, омборхоналар, контейнер майдончалари ва тадбиркорлар учун иш жойларини ўз ичига олган инфратузилма яратилмоқда. Лойиҳа ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва бизнес алоқаларини фаоллаштиришда муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.

Томонлар ҳукуматлараро комиссиялар ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, шунингдек, қатор маданий тадбирларни самарали ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Марказий Осиё давлат раҳбарларининг бўлажак еттинчи Маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар.