
Ўзбекистон ва Туркманистон тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
2025 йил 22 август куни Туркманистоннинг «Аваза» туристик зонасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Раҳбарлар иштирокида қатор ҳужжатлар, жумладан, Илҳом Маҳкамов ва «Туркманҳоваёллар» (Turkmenistan Airlines) давлат хизмати раиси Доврон Сабуров ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги баённома имзоланди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат келажакда тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш учун замин яратади.
«Бугунги кунда Туркманистон билан тўғридан-тўғри авиарейслар мавжуд эмас. Бугун биз ҳужжат имзоладик… яқин орада мамлакатлар ўртасида икки томонлама авиарейсларни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади», — деди Маҳкамов.
Тошкент ва Ашхобод 2017 йил ёзидаёқ тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирган эди. Ўшанда «Туркманистон» авиакомпанияси мамлакатлар пойтахтлари ўртасида рейсларни очишни ният қилганди.
2021 йилда собиқ бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва Туркманистон бош вазир ўринбосари Эсенмират Оразгелдиев тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаш масалаларини ишлаб чиқишга келишиб олган эди.
Озарбайжон ва Туркманистон раҳбарлари билан бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон президенти юк ташиш тарифларини ўзаро пасайтиришга тайёрлигини, Каспийда ўз паромларини яратиш ва Каспий денгизи шельфидаги углеводород конларини ўзлаштиришда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдирган.