
Анқарада 2026 йил 20 январь куни Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида «4+4» механизми форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
«4+4» механизми икки давлат ўртасида хавфсизлик, ҳарбий ҳамкорлик, разведка ва ташқи сиёсат соҳаларидаги ҳамкорлик платформаси ҳисобланади, дейилади «Дунё» АА хабарида.
Кун тартибига икки томонлама муносабатларнинг асосий мавзулари, минтақавий масалалар ва глобал воқеалар киритилди. Томонлар ишончли хавфсизлик тизимини сақлаган ҳолда тараққиёт ва фаровонлик учун ҳамкорликни қандай давом эттиришни муҳокама қилдилар.
«Бизни ягона мақсад — халқларимиз турмуш сифатини яхшилаш бирлаштиради ва биз унга эришиш йўлида содиқмиз», — деди ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов.
Қўшма саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун томонлар яқин келажак учун Қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилдилар.
Эртаси куни, 2026 йил 21 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан стратегик режалаштириш қўшма гуруҳининг 4-йиғилишини ўтказдилар.
Томонлар савдо, инвестициялар, энергетика, хавфсизлик, мудофаа саноати, маданият, таълим ва туризм бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, улар Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжоннинг транспорт-энергетика соҳасидаги лойиҳалари, жумладан Транскаспий йўлаги ва у учун муҳим бўлган Боку-Тбилиси-Карс темир йўли бўйича «соатларни тўғрилаб олдилар».
Вазирлар минтақавий ва халқаро масалаларни, жумладан Афғонистон, Ғазо, Украина ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилдилар.
Тадбирда Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида Анқарада ўтказилиши режалаштирилган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам кўриб чиқилди.