
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома 5 йил муддатга бериладиган бўлди. Бу ҳукуматнинг 30 мартдаги «Йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатлари бўйича тегишли маъмурий чоралар кўриш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжат билан 2017 йил августдаги Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 11−8-бандига «5 йил муддатга» деган қўшимча киритилди. Бунгача техпаспорт муддатсиз берилар эди.
Ушбу янгилик ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Муаллифлар ўзгаришлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаганига эътибор қаратдилар. Улар бу каби ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб, техпаспортни янгилаш учун тўлов қилиш керакми ёки йўқми деган саволларни ўртага ташладилар. Ҳозирча бирор-бир расмий тушунтириш берилгани йўқ.
2024 йил 1 апрелдан автомобилларни рўйхатдан ўтказиш тўлови ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 6,84 бараварини (2,818 млн сўм), электромобиллар, мототранспорт ва тиркамалар учун — БҲМнинг 10 фоизини (41,2 минг сўм) ташкил этади. Ушбу суммага техпаспорт бериш учун тўлов (БҲМнинг 70 фоизи) ва давлат рақами белгилари (3,5 БҲМ) киритилмаган. Автомобилни қайта рўйхатдан ўтказиш ставкаси эса БҲМнинг 10 фоизига тенг.
ЙҲХХ тушунтириши
Ижтимоий тармоқлардаги чиқишларга жавобан ИИВ ЖХД ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошев «янги нормани нотўғри талқин қилиш ноўрин» эканини билдирди.
«ID-карта, паспорт ва ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи бошқа кўплаб ҳужжатлар ҳам амал қилиш муддатига эга», — деб қайд этди.
«Транспорт воситасининг кузов, двигатель каби асосий эҳтиёт қисмлари мавжудлигини инвентаризация қилиш мақсадида рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг амал қилиш муддати 5 йил этиб белгиланди. Бу қайта рўйхатдан ўтказиш ҳисобланмайди», — деди ЙҲХХ вакили техпаспортни янгилаш учун тўлов қилиш зарурлигига аниқлик киритмасдан.
Унинг қўшимча қилишича, янги тартиб фақат 2026 йил 1 апрелдан кейин берилган техпаспортларга нисбатан қўлланилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2025 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва расмий дилерлар (UzAuto Motors, ADM Jizzakh, BYD Uzbekistan Factory, Asaka Motors, SamAuto, Alyans Auto) томонидан жами 427 097 дона янги автомобиль сотилган, бу ўтган йилга нисбатан 6,1 фоизга кўп. Бу рақамга бошқа йўллар билан импорт қилинган автомобиллар ва иккиламчи бозор кирмайди.