Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 10/02/2026

Ўзбекистонда таксининг «оқ» бозори 2025 йилда қандай ўзгарди. Тафсилотлар

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда легал («оқ») такси бозори айланмаси 63,4 фоизга ўсиб, 9,62 трлн сўмдан (тахминан 783 млн доллар) ошди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Йил давомида солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган такси агрегаторлари сони 155 тадан 224 тага етди. Платформалар орқали жами 479 млн га яқин қатнов амалга оширилди, бу 2024 йилга нисбатан 50,1 фоизга кўп.

Тўловларнинг катта қисми ҳамон нақд ҳисоб-китоблар ҳиссасига тўғри келмоқда — 6,74 трлн сўм (70,2 фоиз), бироқ уларнинг улуши камайиб бормоқда (2024 йилда 76,3 фоиз бўлган). Нақд пулсиз шаклда йўловчилар 2,87 трлн сўм (27,8 фоиз, 2024 йилдаги 23,7 фоизга нисбатан) тўлаганлар. Бир чекнинг ўртача суммаси 20 минг сўмдан ошиб, 8,8 фоизга ўсди (илгари 18 456 сўм бўлган).

Агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан 574,6 минг нафарга яқин ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар шуғулланмоқда, бу 2024 йилга нисбатан 15,4 фоизга кўп (498 минг эди).

Таксичиларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатади — 137,7 минг киши (умумий сонининг 21,6 фоизи), лекин уларнинг сони 2024 йилга нисбатан (143,5 минг, 26,4 фоиз) камайган. Бу ҳисоб-китоб фақат пойтахт давлат рақамига эга автомобиллар бўйича юритилган, аслида уларнинг сони анча кўп. Агар 2024 йилда қатновларнинг 51,6 фоизи Тошкентда амалга оширилган бўлса, 2025 йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 44,6 фоизни ташкил этди.

Ҳайдовчиларнинг ярмидан кўпи (59,1 фоиз ёки 399,6 минг киши) 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган шахслар. 30 ёшгача бўлганлар — 189,5 минг киши (33 фоиз), 50 ёшдан ошганлар — 45,3 минг киши (7,9 фоиз). Агрегаторлар орқали 4726 нафар аёл ҳам ишламоқда, уларнинг сони 14,6 фоизга ошган.

15,5 минг нафардан ортиқ ҳайдовчи ташишлардан 100 млн сўмдан ортиқ даромад кўриб, айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтди. Уларнинг сони 3,3 бараварга кўпайди (4697 нафар эди). Шу билан бирга, киракашларнинг ярмидан кўпининг жами йиллик даромади 5 млн сўмгача бўлган.

Ҳайдовчилар даромадининг тақсимланиши қуйидагича:

  • йилига 1 млн сўмгача — 159,7 минг киши (27,7 фоиз);
  • 1 млн дан 5 млн гача — 146,7 минг киши (25,5 фоиз);
  • 5 млн дан 10 млн гача — 71,8 минг киши (12,4 фоиз);
  • 10 млн дан 50 млн гача — 143,8 минг киши (25 фоиз);
  • 50 млн дан 100 млн гача — 36,9 минг киши (6,4 фоиз);
  • 100 млн дан юқори — 15,5 минг киши (2,69 фоиз).

Таксида энг оммабоп автомобиль Chevrolet Cobalt бўлди — жами машиналарнинг 23,7 фоизи. Бешликка, шунингдек, 2024 йил етакчиси — Nexia (20,7 фоиз), Lacetti (16,9 фоиз), Spark (11,6 фоиз) ва Matiz (8,1 фоиз) кирди. Таксопаркларда электромобиллар улуши 1,2 фоиздан 1,9 фоизгача ошди.

Автомобилларнинг ёши (ишлаб чиқарилган санасидан бошлаб):

  • 1 йилгача — 27,6 минг (4,3 фоиз);
  • 1−3 йил — 105,4 минг (16,5 фоиз);
  • 3−5 йил — 263,4 минг (41,3 фоиз);
  • 5−10 йил — 71,7 минг (11,3 фоиз);
  • 10 йилдан ортиқ — қарийб 167 минг (26,5 фоиз).

2025 йил давомида таксида фойдаланилаётган автомобилларнинг ёш тузилмаси сезиларли даражада ўзгарди ва анча «ёшарди». Агар 2024 йил якунлари бўйича машиналарнинг ярмидан кўпи (56,9 фоизи) 10 йилдан ошган бўлса, 2025 йил охирига келиб уларнинг улуши 26,5 фоизгача — қарийб 30 фоиз пунктига камайди. Бундай автомобиллар сони 140 мингтадан кўпроққа камайиб, 167 мингтага тушди. Бир вақтнинг ўзида 5−10 йиллик машиналар гуруҳи ҳам 23,6 фоиздан 11,3 фоизгача қисқарди.

Асосий ўсиш 5 йилдан ёш бўлган автомобиллар ҳиссасига тўғри келди. Уларнинг жами улуши 2024 йилдаги 20 фоиздан кам кўрсаткичдан 2025 йилда 60 фоиздан юқоригача кўтарилди. Бир йилгача бўлган автомобиллар тоифаси амалда нолдан шаклланиб, паркнинг 4,3 фоизига етди.

2025 йил давомида такси агрегаторлари 128,2 млрд сўм солиқ тўладилар, бу 2024 йилдагига (156,8 млрд сўм) нисбатан 18,2 фоизга кам. Ушбу сумманинг 63,6 млрд сўми қўшилган қиймат солиғи ҳиссасига тўғри келди (66,2 млрд сўм бўлган эди).