
Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси Кувайт миллий жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади, деб хабар берди Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси.
Ўйин 2025 йил 9 октябрь куни Тошкентдаги «Олимпик» стадионида соат 18:00 да бошланади.
Жамоалар охирги марта 2012 йилда учрашган. Ўшанда Ўзбекистон ўртоқлик ўйинида «Пахтакор» стадионида Кувайтни 3:0 ҳисобида мағлуб этганди. Умуман олганда, терма жамоалар олтита ўйин ўтказган: Ўзбекистон ҳисобида учта ғалаба, битта дуранг ва иккита мағлубият бор.
ФИФА рейтингида Ўзбекистон 54-ўринни, Кувайт эса 135-ўринни эгаллаб турибди.
Миллий терма жамоа 2025 йил 13 октябрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Уругвай билан ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказади.
Ўйинлар терма жамоанинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлиги доирасида ташкил этилган.