Ўзбекистон ва Қозоғистон авиақатновлар сонини оширишга келишиб олди

Ўзбекистон ва Қозоғистон икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини ошириш бўйича келишувга эришди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Тегишли келишувларга «Марказий Осиё — Хитой» (C5+1) фуқаролик авиациясида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳининг иккинчи конференцияси доирасида авиация маъмурияти вакиллари музокараларида эришилди.

Икки давлатнинг тайинланган авиакомпаниялари Олмаота — Тошкент ва Остона — Тошкент йўналишларининг ҳар бирида ҳафтасига 42 тагача рейс амалга ошириши мумкин. Бошқа йўналишларда ҳафтасига 7 тагача рейс амалга оширишга рухсат берилган. Барча келишилган йўналишларда парвозлар амалга оширилган тақдирда, рухсат этилган парвозлар сони ҳафтасига 238 тагача етади.

Томонлар мунтазам авиақатновлар учун манзиллар рўйхатини кенгайтиришга ҳам келишиб олди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида фуқаролик авиациясида ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Хусусан, 2025 йил 3 июлдан Ўзбекистоннинг My Freighter (Centrum Air) авиакомпанияси Оқтов — Нукус йўналишида ҳафтасига 2 марта парвозларни амалга оширишни бошлади. 15 июлдан Қозоғистоннинг Fly Arystan авиакомпанияси Актау — Тошкент йўналишида ҳафтасига 3 марта рейс амалга оширишни йўлга қўйди.