Футбол бўйича ЖЧ-2026 саралаши: Ўзбекистон Қатарни йирик ҳисобда мағлуб этди

Ўзбекистон футбол терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнирининг сўнгги учрашуви доирасида Қатар устидан ғалаба қозонди. 10 июнь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган учрашув 3:0 ҳисобида якунланди.

Ҳисобни асосий таркибда майдонга тушган ҳужумкор ярим ҳимоячи Азиз Турғунбоев очди. 28-дақиқада у икки рақибини алдаб, жарима майдончасига кирди ва кучли зарба билан тўпни дарвоза тўсини остига йўллади.

86-дақиқада жамоа сардори Элдор Шомуродов гол урди. У Жамшид Искандеровнинг узатмасидан сўнг жарима майдончасида тўпни қабул қилиб, Қатар дарвозасига йўллади.

90+1-дақиқада захирадан майдонга тушган ҳужумчи Игорь Сергеев биринчи тегинишидаёқ бурчакдан оширилган тўпни дарвозага киритиб, ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Искандеров иккинчи голли узатмага муаллифлик қилди.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни Ўзбекистон футбол терма жамоаси тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиққан эди. Бунга БАА билан 0:0 ҳисобидаги дуранг натижаси сабаб бўлганди.

Қатарликларга қарши учрашув олдидан миллий жамоа футболчиларини тақдирлаш маросими ва шоу дастури режалаштирилган эди. Учрашувдан аввал Футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов ва Спорт вазири Адҳам Икромов терма жамоа мутахассисларига медаллар топширдилар. Учрашувдан сўнг президент шахсан футболчиларга автомобиль калитлари ва мукофотларни топширди.

Ўзбекистон терма жамоаси АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган ЖЧ-2026нинг саккизинчи иштирокчисига айланди. Бу миллий жамоанинг 1991 йилда мустақилликка эришгандан буён мундиалга илк чиқишидир.

Учрашувни Президент Шавкат Мирзиёев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо ва Болгария Президенти Румен Радев ҳам томоша қилди.