Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатлар даражасига 100 йилдан кейин эришиши мумкин — ЖБ прогнози

Ўзбекистон аҳоли жон бошига даромад бўйича юқори даромадли мамлакатлар даражасига эришадиган Марказий Осиёдаги сўнгги давлатлардан бири бўлади. Бу Жаҳон банки прогнозидан келиб чиқади.

Жаҳон банки мамлакатларни аҳоли жон бошига ялпи миллий маҳсулот (ЯММ) даражасига кўра 4 та даромад гуруҳига ажратади: паст даромадли (1145 долларгача), ўртачадан паст (1146 доллардан 4515 долларгача), ўртачадан юқори (4516 доллардан 14 005 долларгача) ва юқори (2023 йил нархларида 14 005 доллардан юқори).

Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ишлаб чиқарувчи активлар кимга тегишли бўлишидан қатъи назар, мамлакат ичида ишлаб чиқарилган барча товар ва хизматлар қийматини ҳисобга олади. Аҳоли жон бошига ялпи миллий маҳсулот (ЯММ) эса ЯИМга мамлакат фуқаролари томонидан чет элда олинган даромадлар қўшилиши ва мамлакат ичидаги хорижликларнинг даромадлари айирилишини ҳисобга олади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, биринчи бўлиб Туркманистон ва Қозоғистон ушбу маррага (14 минг доллардан юқори даромадли мамлакатлар) эришади. Бунинг учун уларга 30 йилдан кам вақт керак бўлади.

Қирғизистон бу даражага тахминан 70 йилда эриша олади. Ўзбекистон ва Тожикистон учун бу 100 йилдан кўпроқ вақт ўтиб содир бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мутахассислар сўнгги 10 йилликдаги ўртача ўсиш кўрсаткичларидан фойдаланишган. Бу давр пандемия сабабли иқтисодий пасайиш, кўриб чиқилаётган давр бошида (2015-2016 йилларда) Қозоғистон ва Қирғизистонда даромадларнинг кескин пасайишини ўз ичига олади, бу минтақа мамлакатларига айниқса таъсир қилди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг сўзларига кўра, агар пандемиядан кейинги аҳоли жон бошига даромад ўсиш суръатлари ҳисобга олинса, ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистон 14 минг долларлик маррадан 2026 йилдаёқ, Туркманистон — 2034 йилда, Тожикистон — 2037 йилда, Ўзбекистон эса — 2042 йилда ўтиши мумкин. Ҳатто бу ҳолатда ҳам республика бу маррага эришган минтақадаги сўнгги давлат бўлиб қолади.

Шуни таъкидлаш жоизки, иқтисодий ривожланишни тезлаштириш бу муддатни сезиларли даражада қисқартириши мумкин.

3 йил ичида Қирғизистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 85%га ўсди — ўсиш суръатлари бўйича мамлакат бутун Марказий Осиё минтақаси, шу жумладан Ўзбекистон (37%)дан ўзиб кетди. Агар динамика сақланиб қолса, 2027 йилга келиб ўртача қирғизистонлик даромад бўйича ўзбекистонликни ортда қолдириши мумкин, — дея таъкидлади иқтисодчи Миркомил Холбоев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 6,5%га ўсиб, 1,45 квадриллион сўмга (тахминан 115 млрд доллар) етди. Аҳоли жон бошига ЯИМ 39,1 млн сўмга (3093 доллар) ошди. 2030 йилгача Қирғизистон бу кўрсаткични 4500 долларга, Ўзбекистон эса 5000 долларга етказишни режалаштирмоқда.