Ўзбекистон президенти Хитойга расмий ташриф билан боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 августдан 3 сентябрга қадар Хитойда расмий ташриф билан бўлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

2025 йил 31 август — 1 сентябрь кунлари у Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ва «ШҲТ плюс» форматидаги саммитда иштирок этади.

Тадбирларда устувор йўналишлардаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинади. Якунда Тяньцзинь декларацияси, хавфсизлик, рақамли иқтисодиёт, «яшил» саноат, энергетика, туризм ва бошқа соҳаларда шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ҳужжатлар ва қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.

2 сентябрь куни Пекинда Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Цзиньпин билан музокаралар, шунингдек, Хитойнинг расмий шахслари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

3 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантанали тадбирларда иштирок этади.

Бўлажак ташриф сабабли Ўзбекистон Мустақиллик куни байрами (1 сентябрь) давлат раҳбари иштирокида 31 август ўрнига 29 август куни бўлиб ўтди.