
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига АҚШ Президенти Дональд Трампдан мактуб келди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Мурожаатномада Америка етакчиси Ўзбекистон раҳбарининг «Тинчлик кенгаши»нинг таъсис йиғилишидаги иштирокини юқори баҳолаган ва Ўзбекистонга ташриф буюриш таклифи учун миннатдорлик билдирган, дейилади хабарда.
Дональд Трамп, ўз навбатида, Шавкат Мирзиёевни «Тинчлик кенгаши»нинг навбатдаги йиғилишига, шунингдек, 2026 йил декабрь ойида Майамида бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилди.
«Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилиши шу йилнинг 19 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтган ва Ғазо секторини қайта тиклаш ҳамда гуманитар ёрдам кўрсатиш масалаларига бағишланган эди. Саммитда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ғазода уй-жойлар, боғчалар, мактаблар ва шифохоналар қуришга ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилганди.
«Тинчлик кенгаши» Дональд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган. Ўзбекистон унга 2026 йилнинг январь ойида Швейцариянинг Давос шаҳрида таъсисчи давлат сифатида қўшилган эди.