Шавкат Мирзиёев Оқ уйда Дональд Трамп билан музокара ўтказди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтондаги Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан музокара ўтказди.

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, Овал кабинетдаги учрашувда президентлар «Ўзбекистон-Америка стратегик шериклик муносабатларини ошириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш» масалаларини кўриб чиқдилар.

Улар сентябрда Нью-Йоркда эришилган келишувларни амалга оширишга эътибор қаратдилар. Ўшанда президентлар БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида учрашган эдилар. Шавкат Мирзиёев Америка бизнеси раҳбарлари билан ҳам учрашган.

Давлат раҳбарлари глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар, шу жумладан, «С5+1» форматида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

«Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги юксак ютуқлари билан самимий табриклади. Унинг кескин халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилишдаги шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди», — дейилади хабарда.

Дональд Трамп Ўзбекистон Президентининг АҚШ ҳукумати вакиллари, йирик Америка компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашув ва музокараларининг самарали якунларини олқишлади.

Улар қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун институционал механизмларни яратиш ва такомиллаштириш муҳимлигини ҳам таъкидладилар.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.