
Ўзбекистон ва Озарбайжон 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбон бўлади. Бу ҳақдаги қарор 2 октябрь куни Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) йиғилишида қабул қилинди.
Ўзбекистон Футбол Ассоциациясида (ЎФА) таъкидланганидек, U-20 мундиали ФИФА томонидан ўтказиладиган миллий терма жамоалар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан кейинги иккинчи энг нуфузли турнир ҳисобланади.
Футбол эксперти Алишер Никимбаевнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжон икки хил конфедерацияда эркаклар ўртасидаги Жаҳон кубогига мезбонлик қиладиган биринчи давлатлар бўлади.
«Сўнгги йилларда мамлакатимиз кўплаб йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилди ва катта тажриба тўплади. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказилган ФИФА футзал бўйича жаҳон чемпионати юқори даражада ташкил этилиб, халқаро футбол ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлди», — дейилади хабарда.
Ассоциация Ўзбекистон «меҳмондўстлиги, профессионал ёндашуви, футболга садоқати ва мухлисларнинг севгиси билан бутун дунё эътиборини қозонишга» тайёр эканлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат, шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистон билан биргаликда 2031 йилги Осиё Кубогини ўтказиш учун қўшма ариза топширган. Ушбу турнир учун курашда Австралия, Ҳиндистон, Индонезия, Жанубий Корея, Кувайт ва БАА рақобатчи ҳисобланади.
Қўшма жаҳон чемпионатини ўтказиш ғояси биринчи марта Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил июль ойида Озарбайжонга ташрифи чоғида янграган эди. Бакуда ўтказилган мини-футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги ғалаба билан Президент Илҳом Алиев ва Озарбайжон халқини табриклаб, Ўзбекистон етакчиси ФИФА шафелиги остидаги навбатдаги халқаро турнирни ўтказиш учун қўшма ариза бериш ташаббуси билан чиққан эди.