Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари яна рекорд ўрнатди – қарийб 60 млрд доллар

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра 59,3 млрд долларга етди. Бу 2013 йилдан бери статистика юритила бошлагандан буён қайд этилган рекорд кўрсаткич.

2025 йил октябрь ойи якунларига кўра, захиралар 4,34 млрд долларга (+7,9%) ошган. Йил бошидан буён ўсиш 18,1 млрд долларни (+44%) ташкил этди.

Ўсишга асосий ҳиссани яна олтин қўшди, унинг жаҳон бозоридаги нархи октябрь ойида бир унция учун 4400 долларгача кўтарилди. Регулятор маълумотларига кўра, бир ой ичида олтин нархининг 3806,55 доллардан 4013,2 долларгача (+5,4%) ўсиши ҳисобига 2,5 млрд долларлик самара олинган (сентябрда – 4,6 млрд доллар).

2025 йил бошидан бери қимматбаҳо металл АҚШ президенти Дональд Трампнинг савдо сиёсати фонида, сўнгра АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) ставкасининг пасайишига оид кутишлар, шунингдек, Трампнинг ФЗТ мустақиллигига тажовузлари фонида энг даромадли активлардан бирига айланди.

Захиралардаги қимматбаҳо металлнинг физик ҳажми 300 минг трой унцияга (9,33 тонна) ошиб, 11,92 млн унцияни (370,7 тонна) ташкил этди. Йил бошидан буён унинг захиралари тахминан 11,8 тоннага камайган.

Бунинг ҳисобига олтин захирасининг қиймати 3,6 млрд долларга ошиб, 47,8 млрд долларга етди. Бу барча кузатувлар давомидаги энг юқори кўрсаткич. Мамлакат умумий захираларининг 80,6% олтин ҳиссасига тўғри келмоқда.

Валюта захиралари 731,4 млн долларга ошиб, 10,18 млрд долларни ташкил этди.

Захиралардаги қимматли қоғозлар ҳажми деярли ўзгармади – 1,02 млрд доллар (+$3,6 млн).

Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт ва молия тизими барқарорлигини қўллаб-қувватлашда асосий роль ўйнайди. Улар кескин тебранишлар юзага келганда миллий валюта курсига таъсир кўрсатиш орқали унинг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, кредиторлар олдидаги ташқи мажбуриятларни тўлаш, инқирозли вазиятларда импортни қоплаш, шунингдек, ташқи иқтисодий хавфлардан суғурта сифатида фойдаланилиши мумкин.

Захиралар ташқи шоклардан, масалан, экспорт қилинадиган маҳсулотлар нархининг кескин ўзгариши, халқаро санкциялар, глобал молиявий инқирозлар ёки валюта бозорларидаги тебранишлардан ўзига хос «хавфсизлик ёстиғи» бўлиб хизмат қилади.