Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 11/12/2025

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари тарихий максимумни янгилади — $61 млрд дан ошди

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2025 йил 1 декабрь ҳолатига 61,23 млрд долларни ташкил этди. Бу 2013 йилдан буён юритилаётган бутун статистика даври учун максимал кўрсаткич.

2025 йил ноябрь ойида захиралар яна 1,9 млрд долларга (+3,2%) ўсди, йил бошидан эса 20 млрд долларга (+48,7%) кўпайди.

Ўсишнинг асосий омили яна жаҳон бозорларида нархи ошган олтин бўлди. Марказий банкнинг ҳисоб-китобларига кўра, нархнинг бир унция учун $4013,2 дан $4159,4 гача (+3,6%) ошиши захираларга қарийб 1,8 млрд долларқўшди (сентябрда — $4,6 млрд, октябрда — $2,5 млрд).

Олтиннинг физик ҳажми иккинчи ойдирки ўсмоқда. 2025 йил ноябрь ойида у 310 минг троя унциясига (9,64 тонна) ошиб, 12,23 млн унцияни (380,4 тонна) ташкил этди. Шунга қарамай, йил бошидан бери металл захиралари тахминан 2,1 тоннага қисқарган.

Нархнинг ошиши фонида олтин захирасининг қиймати 3 млрд долларга кўпайди ва 50,86 млрд доллар билан тарихий максимумга етди. Энди захираларнинг қарийб 83% ини олтин ташкил этади.

Шу билан бирга, захираларнинг валюта қисми 1,1 млрд долларга камайиб, 9,8 млрд долларни ташкил этди.

Қимматли қоғозлар ҳажми 503,3 млн долларга ўсиб, 1,53 млрд долларга етди.

Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда: улар миллий валюта курсининг кескин тебранишларини юмшатиш, ташқи мажбуриятларни бажариш, инқирозли вазиятларда импортни таъминлаш имконини беради ва хомашёнинг жаҳон нархлари пасайишидан тортиб, молия бозорларидаги нотинчликларгача бўлган ташқи шоклардан ҳимоя бўлиб хизмат қилади.