
2026 йил 3 март куни Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тадбирда мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш, ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳамда 13 январдаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифаларнинг ижро этилиши кўриб чиқилди.
«Халқаро вазият беқарор бўлган, айрим минтақалардаги ҳарбий ҳаракатлар жиддий гуманитар ва иқтисодий оқибатларга олиб келаётган шароитда мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади», — деб таъкидланди йиғилишда.
Ўзбекистон Мудофаа вазири қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш, қисм ва бўлинмаларнинг тезкор тайёргарлиги, уларни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш ҳамда ҳарбий-маъмурий секторлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ва жанговар ҳаракатлар олиб бориш кўникмаларини ўрганиш, ҳарбий бошқарув ва тайёргарлик тизимига замонавий ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, қўшинлар самарадорлигини ошириш учун янги технологияларни, жумладан, учувчисиз тизимлар ва рақамли бошқарув ечимларини кенг қўллаш зарурлиги қайд этилди.
Президент ҳарбий-маъмурий секторлар, полигонлар, ўқув юртлари ва моддий-техник таъминот объектлари инфратузилмасини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Давлат раҳбари, шунингдек, ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини изчил давом эттириш, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, замонавий қурол-яроғ ва технологияларни ўзлаштиришга қаратилган дастурларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифаларни қўйди.