Футбол. Ўртоқлик учрашуви: Ўзбекистон – Миср 2:0 (видео)

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Дубайда бўлиб ўтаётган Al Ain International Cup халқаро ўртоқлик турнирида Миср футболчиларини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Учрашувнинг энг бошида – 4-дақиқада – Остон Ўрунов индивидуал ҳаракатлари эвазига «фиръавнлар» ҳимоясини ёриб ўтиб, аниқ зарба билан узоқ бурчакни нишонга олди ва ҳисобни очди. Биринчи бўлим охирига яқин Отабек Шукуров майдон ўртасидан қанотга очилган Остон Ўруновни пас билан топиб, уни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқарди. Ярим ҳимоячи дарвозабонни алдаб ўтиб, дублни расмийлаштирди.

Турнир финалида Фабио Каннаваро шогирдлари пенальтилар сериясида Кабо-Вердени мағлуб этган Эрон терма жамоаси билан ўйнайди.