
Лесото Қироллиги Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 166-мамлакат бўлди. Бу ҳақдаги қўшма коммюникени 2026 йил 27 март куни Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Лесотонинг БМТдаги миссияси раҳбари Матете Нена имзоладилар, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дунё» ахборот агентлиги.
Томонлар ҳамкорлик истиқболларини, аввало сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда муҳокама қилдилар.
«Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Африка қитъаси мамлакатлари билан ҳар томонлама ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди», дейилади хабарда.
Лесото — тўлиқ Жанубий Африка Республикаси ҳудуди билан ўралган анклав давлат ҳисобланади.