
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Канада терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади, деб хабар берди Футбол ассоциацияси.
Учрашув 2026 йил 1 июнь куни Канаданинг Эдмонтон шаҳрида бўлиб ўтади. Яъни, баҳс бўлажак жаҳон чемпионати мезбонларидан бири бўлган мамлакат ҳудудида ўтказилади ва июнь ойидаги халқаро деразанинг бир қисмига айланади.
Бунгача мамлакатлар ўзаро фақат бир марта — 2016 йил июнь ойидаги ўртоқлик учрашувида тўқнаш келишган. Ўшанда Канада 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Ўйиннинг 22-дақиқасида канадалик Дэвид Элгар ҳисобни очган. 62-дақиқада Элдор Шомуродов мувозанатни тиклаган. Учрашув тақдирини 80-дақиқада Акром Комиловнинг автоголи ҳал қилган.
Ўзбекистон терма жамоаси илк бор АҚШ, Канада ва Мексикада 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этади. Миллий жамоа «K» гуруҳидан жой олган бўлиб, гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ҳамда Ямайка, Янги Каледония ва Конго ДР ўртасидаги ўтиш ўйинлари ғолибига қарши учта учрашув ўтказади.
Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 727 млн долларни ташкил этади. Ўзбекистон, бошқа мамлакатлар қатори, камида 10,5 млн доллар олади.