Ўзбекистон иқтисодиёти тез ўсмоқда, лекин юқори давлат харажатлари туфайли «қизиб кетиш» хавфи бор — ХВФ миссияси

Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини намойиш этмоқда, аммо давлат харажатлари ва олтин туфайли «қизиб кетиш» хавфи мавжуд. Бу ҳақда Халқаро валюта фонди миссияси баёнотида айтилган.

Яссер Абдих бошчилигидаги ХВФ жамоаси 2025 йил 17 ноябрдан 25 ноябргача Ўзбекистон расмий органлари билан учрашувлар ўтказди. Ташриф якунлари бўйича миссия раҳбари иқтисодиёт динамикасига баҳо берилган ва асосий тавсиялар белгиланган баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти «ишончли суръатларда ўсишда давом этмоқда». 2025 йил январь-сентябрь ойларида реал ЯИМ юқори инвестициялар ҳажми ва аҳоли истеъмолининг ўсиши ҳисобига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга ошди.

Талабнинг юқори даражасига қарамай, умумий ва базавий инфляция секинлашди: 2025 йил октябрь ойи охирида кўрсаткичлар мос равишда 7,8 фоиз ва 6,6 фоизни ташкил этди. Фонд буни 2024 йилги энергия ресурслари (газ ва электр энергияси) нархларининг ошиши самарасининг сусайиши, реал алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва пул-кредит сиёсатининг қатъий параметрлари сақланиб қолиши билан боғлайди.

Чакана савдо сегментида кредитлаш тез суръатларда ўсди – сентябрь ҳолатига кўра йиллик 23 фоиз. Корпоратив сегментда динамика мўътадил бўлиб қолмоқда.

Йилнинг биринчи ярмида олтин нархининг юқорилиги, хомашё бўлмаган экспортнинг фаол ўсиши ва пул ўтказмалари ҳажмининг кўпайиши ҳисобига жорий ҳисоб тақчиллиги сезиларли даражада қисқарди. Халқаро захиралар октябрь ойи охирида потенциал импортнинг 12 ойига тенг бўлди.

Фонд миссияси ўрта муддатли ривожланиш истиқболларини «асосан қулай» деб баҳоламоқда. Реал ЯИМ ўсиши 2025 йилда 7 фоиздан ошиши ва 2026 йилда истеъмол ва инвестицияларнинг барқарор ўсиши ҳисобига 6 фоиз атрофида сақланиб қолиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, инфляция 2027 йил охиригача Марказий банкнинг мақсадли кўрсаткичи – 5 фоизгача босқичма-босқич пасайиши прогноз қилинмоқда.

«Хатарлар бюджетда режалаштирилганидан юқорироқ даромадларни, шу жумладан олтиндан олинган даромадларни циклли сарфлаш ва юқори талаб шароитида «қизиб кетиш»га олиб келиши мумкин бўлган директив ва имтиёзли кредитлаш дастурларини кенгайтириш босими билан боғлиқ», — дейилади ХВФ баёнотида.

Ташқи хатарлар орасида жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик, геосиёсат, хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги бор.

Шу билан бирга, таркибий ислоҳотларнинг тезлашиши, пул ўтказмаларининг ўсиши, қўшимча капитал оқимлари ва олтин нархининг юқорилиги прогнозларни яхшилаши мумкин.

ХВФ миссияси иқтисодиётнинг тез ўсиши ва олтин бўйича қулай конъюнктуранинг уйғунлиги макромолиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларни илгари суриш учун имконият яратаётганини таъкидлади.

«Иқтисодий фаолликнинг кутилганидан юқори суръатлари ва олтин нархининг ошиши туфайли бюджетда режалаштирилгандан юқори бўлган қўшимча даромадлар ҳисобига давлат харажатларини ошириш бўйича ҳаракатларни минималлаштириш жуда муҳимдир», — дейилади баёнотда.

Баёнотда қайд этилишича, ҳукумат консолидациялашган бюджет тақчиллигини 2025 ва 2026 йилларда 3 фоиз даражасида сақлаб қолиш ниятида.

2025 йилда қўшимча тушумлар харажатларни ошириш учун шароит яратди. Фонд миссияси бюджетда режалаштирилмаган қўшимча даромадлар ҳисобидан молиялаштириладиган харажатларни кўпайтириш ташаббусларини чеклашни тавсия этади.

Бу талаб томонидан келиб чиқадиган инфляцион босимни жиловлашга, реал алмашув курсининг номатлуб мустаҳкамланишининг олдини олишга ва «олтин нархи тушган тақдирда макроиқтисодий ўзгарувчанликни кучайтириши мумкин бўлган кескин тузатишларга бўлган эҳтиёжни» олдини олишга ёрдам бериши керак. Шунингдек, бу бюджет учун захира буферларини («хавфсизлик ёстиқчаси») тўплашга хизмат қилади.

Жаҳонда олтин нархининг ўсиши Ўзбекистон бюджетига қўшимча даромад келтиргани, шу сабабли ҳукумат харажатларни прогнозлардан тезроқ оширгани ҳақида хабар берилган эди. 2025 йилнинг тўққиз ойида давлат бутун йил учун белгиланган харажатлар режасининг 90,4 фоизини бажарди.

Тўққиз ойда Ўзбекистон 9,9 миллиард долларлик рекорд миқдорда олтин экспорт қилди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 баробар кўп. Олтин мамлакат умумий экспортининг 37,1 фоизини ташкил этади.

Иқтисодиётнинг «қизиб кетиши» нима?

«Қизиб кетиш» (overheating) иқтисодиётдаги талаб жуда тез ўсаётганини, мамлакатнинг бу талабни қондириш қобилиятидан (ишлаб чиқариш қувватлари, ишчи кучи, инфратузилма) ошиб кетаётганини англатади.

Аммо талаб мамлакат товар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш қобилиятидан тезроқ ўсиб кетса, иккита асосий муаммо юзага келади:

  • Инфляция: Ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар талабга етиб бора олмай, нархларни ошириши мумкин, бу эса инфляциянинг ўсишига олиб келади.
  • Курснинг мустаҳкамланиши: Импорт товарлар ва хизматларга бўлган юқори талаб туфайли миллий валюта (сўм) реал маънода номатлуб мустаҳкамланиши мумкин (мамлакат ичидаги ва савдо ҳамкорларидаги инфляция, шунингдек, номинал курс динамикасини ҳисобга олган ҳолда), бу маҳаллий экспортчиларга зарар етказиши мумкин (уларнинг товарлари ташқи бозорларда қимматлашади ва рақобатбардошлиги пасаяди).

ХВФ миссиясининг фикрича, агар ҳукумат олтин нархининг юқорилиги ҳисобига тушган режалаштирилмаган даромадларни жуда кўп сарфласа, бу «қизиб кетиш»ни янада кучайтириши мумкин.

Агар ҳукумат янги йирик харажатлар ёки имтиёзли кредитлаш дастурларини жорий этса, бу бозорга янада кўпроқ пул қўшади ва шундоқ ҳам юқори бўлган талабни кескин оширади. Оқибатда, бу Марказий банк жиловлашга уринаётган инфляциянинг ўсишига олиб келади.

Аввалроқ Халқаро валюта фонди Ўзбекистон ҳукуматига олтин нархининг бюджет харажатларига таъсирини юмшатишни тавсия қилган эди. Олтин нархининг беқарорлиги юқори нархларда харажатларга инфляцион босим хавфини, паст нархларда эса харажатларнинг қисқариш хавфини юзага келтиради, бу макроиқтисодий тебранишларни кучайтиради. Шу сабабли, Ўзбекистонга олтин нархи ўзгаришининг давлат харажатларига таъсирини минималлаштириш тавсия этилган.

Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг давлат молияси олтин нархининг ўзгаришига сезгир ва бундай ўзгаришлар бюджетни беқарорлаштириши мумкин.

Хусусан, олтин нархи ошганда, экспорт кўпроқ даромад келтиради. Бюджетда кўпроқ маблағ пайдо бўлгани учун бу давлат харажатларининг ошишига олиб келиши мумкин. Аммо бундай ўсиш вақтинча бўлиши ва инфляцион босимни яратиши мумкин – иқтисодиётда нархлар ўса бошлайди.

Олтин нархи пасайганда, бюджет даромадларининг бир қисмини йўқотади. Натижада, давлат харажатларни қисқартиришга мажбур бўлади, бу иқтисодий ўсишни секинлаштириши ва ижтимоий соҳага салбий таъсир кўрсатиши мумкин.