Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 27/03/2026

Футбол: Ўзбекистон FIFA Series биринчи турида Габонни мағлуб этди (видео)

Ўзбекистон миллий терма жамоаси FIFA Series турнирининг илк турида Габон устидан иродали ғалабага эришди. 2026 йил 27 март куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган учрашув 3:1 ҳисобида якунланди.

Африка жамоаси учрашувнинг 6-дақиқасидаёқ ҳисобни очди. Рақиблар майдон марказида тўпни олиб қўйиб, қарши ҳужум ташкил қилишди ва уни Тедди Аверлант гол билан якунлади.

Бироқ 13-дақиқада Элдор Шомуродов жарима зарбасидан узатилган тўпни дарвозага йўллаб, мувозанатни тиклади. Бу унинг миллий терма жамоа сафидаги 89-ўйинида киритган 44-голи бўлди. У Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади.

Иккинчи бўлимда Ўзбекистон босимни кучайтирди. 59-дақиқада Жаҳонгир Ўрозов ўзининг дебют ўйинида бурчак зарбасидан сўнг қайтган тўпга ҳаммадан тезроқ етиб бориб, жамоани олдинга олиб чиқди. Голли узатма Шомуродов ҳисобига ёзилди.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда, 90+4-дақиқада Алишер Одилов чап пастки бурчакка аниқ зарба йўллаб, якуний ҳисобни ўрнатди — 3:1.

Шу тариқа, Фабио Каннаваро шогирдлари турнирни ғалаба билан бошлашди. Иккинчи турда, 2026 йил 30 март куни Ўзбекистон терма жамоаси Венесуэлага қарши майдонга тушади. Венесуэла аввалроқ Тринидад ва Тобагони 4:1 ҳисобида мағлуб этган эди.

ФИФА Серияси 2026 — турли қитъа конфедерациялари терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказиладиган FIFA Series таклифнома турнирининг иккинчи мавсуми. Бу йилги босқичда тўрттадан жамоа иштирокида тўққизта алоҳида серия ўтказилиши ва улар ФИФАнинг баҳорги ойнаси вақтида саккизта мезбон давлатда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Ўзбекистон таркиби: Ўткир Юсупов, Ҳожиакбар Алижонов (Беҳруз Каримов, 76), Рустам Ашурматов, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков (Акмал Мозговой, 76), Азиз Ғаниев (Достон Ҳамдамов, 76), Остон Ўрунов (Алишер Одилов, 76), Шерзод Насруллаев, Элдор Шомуродов (Игорь Сергеев, 88), Умар Эшмуродов, Жаҳонгир Ўрозов.