ОФК Қатарга қарши ўйин чоғидаги қоидабузарликлар учун Ўзбекистон футбол ассоциациясини $340 минг жаримага тортди

Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) Интизомий қўмитаси халқаро мусобақаларни ташкил этишда бир нечта регламент бузилишлари якунлари бўйича Ўзбекистон футбол ассоциациясига (ЎФА) нисбатан жарима солиш ҳақида қарор қабул қилди.

Қарорга кўра, 2025 йил 10 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасидаги Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ўйин чоғида Футбол ассоциацияси ОФК рухсатисиз ёпилиш маросимини ташкил этган.

Бундан ташқари, ЎФА ОФК ва унинг тижорат ҳамкорларининг маркетинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам беришни таъминламаган ва «эмбуш-маркетинг» ҳолатларининг олдини олмаган. Бу ЎФАнинг рецидив давридаги иккинчи қоидабузарлиги бўлди.

Қарорда қайд этилишича, Ассоциация, шунингдек, расмий тадбирларни, жумладан, матбуот анжуманлари ва интервьюларни ўтказишда ОФКга зарур ёрдам кўрсатмаган.

Интизомий қўмита Ўзбекистон футбол ассоциациясига жами 340 минг доллар (иккита қоидабузарлик учун 300 минг ва 40 минг) миқдорида жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Таъкидлаш жоизки, Қатарга қарши ўйин жаҳон чемпионати саралаш турниридаги сўнгги ўйин эди. Бу вақтга келиб Ўзбекистон аллақачон мундиалнинг финал босқичида иштирок этишини кафолатлаган эди. Ўйинда президент оила аъзолари ва бошқа мамлакатлар етакчилари иштирок этган. Якунда давлат раҳбари майдонга тушиб, ўйинчиларни тақдирлаган.

ОФК қароридаги «эмбуш-маркетинг» деганда, стадион майдонига жойлаштирилган BYD автомобиллари билан футболчиларни тақдирлаш маросими назарда тутилган.

Бундан ташқари, ОФК 2025 йил 22-28 июль кунлари бўлиб ўтган «Мираброр Усмонов хотираси кубоги 2025» халқаро турнирини ташкил этишда ҳам қоидабузарликни қайд этди. Ассоциация мусобақани авторизация қилиш учун кечикиб сўров юборган, бу рецидив давридаги еттинчи қоидабузарлик бўлди.

Ушбу ҳолат бўйича ОФК Футбол ассоциациясига 1500 доллар жарима солди.

ЎФА жарималарни 30 кун ичида тўлаши керак. У шунингдек, қўмита қарорлари устидан шикоят қилиши мумкин.