
Африка шоҳи минтақасида жойлашган давлат – Эритрея Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатган 162-давлат бўлди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.
2025 йил 10 июль куни Нью-Йоркда Ўзбекистон ва Эритреянинг БМТдаги доимий вакиллари Улуғбек Лапасов ва София Тесфамариам ҳукуматлар номидан дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоладилар.
Томонлар БМТ ва унинг ихтисослашган муассасаларини ўз ичига олган халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини излаш бўйича алоқаларни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
«Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Африка қитъаси билан ҳамкорлигини фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди», — дейилади хабарда.