«Очиқ осмон ва рақобат Ўзбекистон авиацияси ривожланишини тезлаштиради» — Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси раҳбари

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) бош директори Уилли Уолш Ўзбекистоннинг инфратузилмага киритаётган кенг кўламли сармоялари, жумладан, янги аэропорт қурилиши ва авиапаркнинг кўпайтирилиши ҳақида изоҳ берди.

Ривожланаётган мамлакат тезкор инвестициялардан қўрқиши керакми, деган саволга жавоб бераркан, IATA раҳбари хавотирга сабаб кўрмаётганини айтди.

«Менимча, сиз эҳтиёт бўлишингиз шарт эмас. Мен буни жуда ижобий ривожланиш деб биламан», — деди Уолш.

У ўз она юрти Ирландия тажрибасини ва Ryanair (Ирландия лоукостери — таҳр.) рақобатининг таъсирини мисол келтирди. Унинг сўзларига кўра, Ирландия мисоли «бозорда рақобат кучайганда, ташиш қувватлари ва парвозларнинг мавжудлиги ошганда нима бўлиши мумкинлигини» намойиш этади. У истеъмолчилар ва иқтисодиёт учун бу жуда ижобий ўзгаришларни англатишини таъкидлади.

IATA раҳбари комплекс ёндашув муҳимлигини қайд этиб, бир нечта тавсиялар берди. Унинг фикрича, инфратузилмани ривожлантириш кириш қулайлиги билан уйғунлашиши керак.

«Тобора кўпроқ мамлакатлар виза сиёсати ва визасиз саёҳат кирувчи талабни, айниқса туризмда рағбатлантириш усули эканини тан олмоқда. Қачонки мамлакатлар ўз виза сиёсатини тузатиб, одамларнинг саёҳат қилишини осонлаштирса, бу бозорнинг ўсишини рағбатлантиришга ёрдам беради», — деди.

Уолш жараённи якуний контекстда кўриб чиқиш, яъни барча тегишли тизимлар ва жараёнларни яхлит баҳолаш кераклигини таъкидлади.

«Сизда фақат аэропортдагина инфратузилма бўлмаслиги керак. Агар сиз туризмни рағбатлантирмоқчи бўлсангиз, сизга меҳмонхоналар, ер усти транспорти, рақобат кераклиги аниқ. Мен «очиқ осмон» тўғрисидаги келишувларингиз қанча кўп бўлса, шунча яхши бўлади деб ҳисоблайман», — дея қўшимча қилди бош директор.

Хулоса қилиб айтганда, Уилли Уолш Украина атрофидаги ҳаво ҳудудининг ёпилиши минтақавий бозорларнинг янги инвестицияларни жалб қилиш қобилиятига таъсир кўрсатаётганини қайд этди, лекин умуман олганда минтақа авиация секторидаги воқеаларни жуда ижобий ривожланиш деб баҳолади.