Ўзбекистон АҚШ ҳудудида янги консулликлар очади

Ўзбекистон АҚШ ҳудудида қўшимча консулликлар очишни режалаштирмоқда, дейилади президент Шавкат Мирзиёевнинг Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини тузиш тўғрисидаги фармонида. Ташқи ишлар вазирлигига бу масалани бир ой муддатда ҳал қилиш топширилган.

Янги дипломатик ваколатхоналар штат таркибига географик қамровни таъминлаш мақсадида АҚШнинг асосий соҳалар хаблари бўйича ходимлар ва мутахассислар, шунингдек, йирик ватандошлар диаспоралари тўпланган жойлар (Филаделфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарлари) ҳисобга олинган ҳолда киритилиши керак, дейилади ҳужжатда.

Янги ташкил этилаётган консулликларнинг асосий вазифаларидан бири «АҚШнинг барча штатларида яшовчи ўзбек диаспоралари билан самарали ҳамкорлик моделини ишлаб чиқиш ва муваффақиятли амалга ошириш» этиб белгиланган.

Улар шунингдек, инвестиция-савдо блокини мустаҳкамлаш ва ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтиришга, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши вазифалари ва лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишга, шунингдек, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили ишига кўмаклашиши керак. Бу лавозим ташқи сиёсат ва давлат ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан жорий этилмоқда, дея қайд этилади фармонда.

Маслаҳатчи-элчи лавозимга Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ҳамраиси – Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева томонидан тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Маслаҳатчи-элчи зиммасига Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини бевосита ташаббус қилиш ва муҳокама этиш, шунингдек, кенгаш ишини Ўзбекистон томонидан комплекс мувофиқлаштириш каби вазифалар юклатилган.

Ўзбекистон элчихонаси Вашингтонда жойлашган. Мамлакатнинг Бош консулхонаси Нью-Йоркда фаолият юритади.