
Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худайкулов 2026 йил 28 январь куни компаниянинг 34 йиллигига бағишланган матбуот анжуманида авиапаркни кенгайтириш режалари, чипталар нархи, лоукост йўналиши ва ҳудудий йўналишларни ривожлантириш бўйича журналистлар саволларига жавоб берди.
Йўловчи оқими ўсишини нима тўхтатиб қолмоқда
2025 йил давомида Uzbekistan Airways компаниялар гуруҳи қарийб 49,26 мингта авиарейсни амалга оширди, бу 2024 йилга нисбатан (45,3 минг) 8,7 фоизга кўп. Жами 6,612 миллион йўловчи ташилди ёки 2024 йилга нисбатан 6,5 фоизга кўп (ўшанда компания илк бор 6 миллиондан ортиқ йўловчи ташиган эди).
Шу билан бирга, ўсиш кутилганидан секинроқ бўлди — 2024 йилда у 19 фоизни ташкил этган эди, 2025 йил бошида эса 7 миллион йўловчи кўрсаткичига эришиш режалари билдирилганди. Аввалги уч йил давомида компания йўловчи оқимини ҳар йили тахминан 1 миллионга ошириб келган (2023 йил — 5 млн, 2022 йил — 4,2 млн). Юк ташиш ҳажми ўтган йили 52 тоннадан ортиқни ташкил этди (тижорат юклари, меъёрдан ортиқ багаж ва почта жўнатмалари), бу ҳам 2024 йилдаги кўрсаткичдан (59,27 минг тонна) камдир.
Шуҳрат Худайкулов ўсиш кўпроқ бўлиши мумкинлигини қайд этиб, буни самолётлар ва ходимлар етишмовчилиги билан боғлади. «Агар икки йил олдинги кўрсаткичларга қарасак, йиллик ўсиш суръатлари 20 фоизга етган эди». Бу катта қондирилмаган талаб мавжудлигидан далолат беради, деди.
Сўнгги 8-9 йил ичида мамлакатдаги ўзгаришлар фонида аҳолининг ҳаракатчанлиги жуда ошди, деб давом этди компания раҳбари. 2025 йил давомида Ўзбекистон аэропортлари 128,97 мингта авиарейсга хизмат кўрсатди, бу бир йил олдингига нисбатан 14 фоизга кўп, йўловчилар сони эса 15,5 миллионни — 15 фоизга кўпни ташкил этди. Мамлакат аҳолиси сонини (38 миллиондан ортиқ) ҳисобга олсак, соҳанинг ўсиш учун имкониятлари катта.
Авиация — мамлакатнинг транспорт боғлиқлиги ва туристик салоҳиятини ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисми. «Бугунги кунда, ростгўй бўлсак, олдимизга қўйилаётган вазифаларни 100 фоиз бажаряпмиз, деб айта олмаймиз. Улгурмаяпмиз», — деб тан олди.
Ушбу вазифаларни бажариш кадрлар таркибини доимий равишда тўлдиришни талаб қилади. Ҳар бир самолётга хизмат кўрсатиш — бу ўртача 50 нафар малакали мутахассисдир, деди Шуҳрат Худайкулов. У декабрь охирида президент Шавкат Мирзиёев учувчилар, самолётларга хизмат кўрсатувчи ходимлар ва аэропортларни бошқариш соҳаси мутахассисларини тайёрлаш учун Фуқаро авиацияси университети ташкил этилишини эълон қилганини эслатиб ўтди. 2008 йилда Тошкент авиация институти ёпилган эди.
2017 йилда Uzbekistan Airways ўз Ўқув-машғулот маркази негизида учувчиларни тайёрлашни бошлаган эди. Ўтган йилдан бери улар амалий машғулотларнинг бир қисмини Европа ҳаво ҳудудида — Словенияда ўтамоқдалар. Ўқиш якунида курсантлар EASA (Европа авиация хавфсизлиги агентлиги) халқаро сертификатини оладилар.
Авиапаркни икки баравар ошириш режалари
2025 йил октябрь ойида президент фармон имзолаган бўлиб, унда 2030 йилгача Ўзбекистон резидент-авиакомпанияларидаги самолётлар сонини ўша пайтдаги 150 тадан 180 тага етказиш режалари айтилган.
Шуҳрат Худайкуловнинг маълум қилишича, Uzbekistan Airways ушбу йилгача ўз флотини камида икки баравар оширишни режалаштирмоқда. Ҳозирда компания паркида 47 та самолёт бор — Boeing 767/787, Airbus А320ceo/320neo/321neo, ATR-72 ва L-410.
У 2025 йил март ойида президентнинг Францияга давлат ташрифи чоғида 14 та Airbus самолётини сотиб олиш бўйича келишувга эришилганини эслатди.
Бундан ташқари, сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев АҚШга ташриф буюрганида, Uzbekistan Airways ва Boeing компаниялари 14 та Boeing 787-9 Dreamliner самолётини етказиб бериш ва 8 та шундай самолётни опцион сифатида сотиб олиш бўйича контракт тузган эди. Ноябрь ойида контракт кенгайтирилди — умумий қатъий буюртма 22 та ҳаво кемасига етказилди. Янги «Дримлайнер»лар тахминан 2030 йил охиридан бошлаб кела бошлайди, ҳар йили 4-5 тадан борт олиш режалаштирилган.
Ушбу турдаги самолётлар паркини кенгайтириш қарори халқаро йўналишлар бўйича парвозлар географиясининг доимий ўсиши ва Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан муносабатлари ривожланишини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди. Бундан ташқари, самолётларни, хусусан, Boeing 767’ларни босқичма-босқич янгилаш зарур, деди компания раҳбари.
Бу ташувчи тарихидаги энг йирик контракт. 22 та самолёт учун маблағ қаердан олиниши ҳақидаги саволга (АҚШ президенти Дональд Трамп контракт суммаси 8 млрд доллар эканини айтган эди) Шуҳрат Худайкулов рақамларни изоҳлай олмаслигини айтди. У кредитлар жалб қилинишини, қолаверса, Uzbekistan Airways «тўлиқ тўлов қобилиятига эга компания» эканини қайд этди. 2025 йил якунлари бўйича фойда 1,3 трлн сўм ёки 100 млн доллар миқдорида бўлиши кутилмоқда. «Бундай ўсишга эга компания, албатта, буни ўзига раво кўра олади», — деди.
Контракт доирасида Uzbekistan Airways постсовет ҳудудида биринчи бўладиган (энг яқини — Истанбулда) Boeing 787 учувчилари учун тренажёр олиши керак. Бу учувчилар маҳоратини ошириш ва турли, жумладан, штатдан ташқари вазиятларни машқ қилиш учун муҳимдир. Ҳозирда компанияда Boeing 767 ва Airbus A320 учун тренажёрлар мавжуд, деди.
Бундан ташқари, Boeing билан тузилган контрактга кўра, Uzbekistan Airways ва бошқа резидент-компанияларга тўлиқ техник ёрдам кўрсатувчи Uzbekistan Airways Technics корхонаси учун техник ходимлар тайёрланади.
Airbus билан тузилган контрактга келсак, самолётлар 2028 йилдан бошлаб уч йил давомида 4-6-4 схемаси бўйича кела бошлайди. «Лекин бу 2028 йилгача ҳеч нарса қилмаймиз дегани эмас. Биз бозорда иш олиб боряпмиз», — деди Шуҳрат Худайкулов. 2026 йилда ташувчи лизинг асосида 4 та A321LR (Long Range) самолётини олиши керак. Аммо компания бу сонни ошириш имкониятларини қидирмоқда.
A321XLR самолётларини сотиб олиш режалаштирилмаган, деди ташувчи раҳбари журналистлардан бирининг саволига жавоб берар экан. Яқин беш йил ичида компанияни ривожлантириш стратегиясида улар кўзда тутилмаган. «Биз ҳисоб-китобларни ўтказдик. Бизда „Дримлайнер“лар ва бошқа катта самолётлар бор», A321XLR олишга эҳтиёж йўқ, деди.
«Рақобатбардош» нархлар
Компания чипталари нархи қўшни давлатлардаги ташувчиларникидан юқори экани ҳақидаги саволга Шуҳрат Худайкулов тарифлар харажатлар ва бозордаги вазиятдан келиб чиқиб шаклланишини айтди.
2025 йили рейсларнинг тўлиш даражаси 80 фоизни ташкил этди, бу хизматларга талаб борлигидан далолат беради. Компания бозор вазиятини доимий таҳлил қилади ва нархлар мақбул бўлишига интилади, деди.
Компания раҳбари нархлар ҳамма учун ҳам ҳамёнбоп бўлмаслиги мумкинлигини ва уларни тушириш бўйича иш олиб борилаётганини тан олди, бироқ улар «меъёр доирасида ва бошқа компанияларга нисбатан рақобатбардош». Uzbekistan Airways’дан ташқари, мамлакат ичида Centrum Air, Qanot Sharq ва Fly Khiva рейсларни амалга оширмоқда. Бундан ташқари, кўплаб халқаро йўналишларда маҳаллий ёки хорижий компанияларнинг рейслари бор. «Бу биз учун ҳам, халқ учун ҳам яхши», деди.
Таътил вақтида талабалар учун чегирмалар эълон қилинганда чипта сотиб олишдаги қийинчиликларга келсак, бу бозор ва авиапаркнинг чекланганлиги билан ҳам боғлиқ. «Биз кўпроқ рейсларни таъминлай олмаймиз, лекин бу борада максимал даражада ишлаяпмиз», — деди Шуҳрат Худайкулов.
У вазиятни тезда ўзгартириш қийинлигини, лекин икки-уч йил ичида сезиларли яхшиланишлар бўлиши кераклигини қўшимча қилди.
Ҳудудий ташишлар
Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида авиақатновлар боғлиқлиги ёмонлиги масаласи мунтазам равишда кўтарилади. Рейсларнинг аксарияти ҳамон Тошкент орқали амалга оширилмоқда.
Шуҳрат Худайкулов бу йўналиш босқичма-босқич ривожланаётганини айтди. Сўнгги йилларда янги аэропортлар қурилди ва анчадан бери ишламаётганлари — Мўйноқ, Зомин, Қўқонда очилди. «30 йилдан ортиқ вақт давомида ҳудудий ташишлар бўлмаган эди. Босқичма-босқич улар ривожланмоқда».
Ҳозирда ташувчи Uzbekistan Airways Express (компаниянинг Россия ва Қозоғистон шаҳарларига рейслари бўлган лоукост йўналиши, уларда тарифлар бортдаги хизматлар камлиги ҳисобига 20 фоизга туширилган) ва Silk Avia (Uzbekistan Airports томонидан йўлга қўйилган ҳудудий ташувчи, ҳозирда бренд Uzbekistan Airways’нинг «шўъбаси» — Uzbekistan Helicopters’га тегишли) брендларини бирлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда.
«Биз бозорга янги яхши таклиф тақдим этиш учун ушбу брендларни бирлаштиришни муҳокама қиляпмиз… Асосий мақсад ҳудудий ташишлар бўлади», — деб қайд этди компания раҳбари.
У сўнгги икки ой ичида Silk Avia рейслари сони камайганига изоҳ берди. Бешта ATR-72 самолётидан иккитасининг двигателларини таъмирлаш муддати келган ва улар Францияга юборилган (самолётлар 2018 йилда ишлаб чиқарилган). Таъмирлаш бир ой ичида якунланиши керак. Бу фаслда юклама камлигини ҳисобга олиб, таъмирлаш қишга белгиланган эди.
IPO
2025 йили Franklin Templeton (АҚШ) таркибига кирувчи Templeton Global Investments компанияси Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг (ЎзМИЖ) ишончли бошқарувчиси этиб тайинланган эди. Жамғарма таркибига қатор йирик давлат корхоналарининг акциялари пакетлари, жумладан, Uzbekistan Airways акцияларининг 25 фоизи топширилган эди. Уларни трансформация қилиш бўйича ишлар бошланган.
Шуҳрат Худайкулов Templeton Global Investments компаниясининг тушумни ошириш, самарадорликни, фойдалиликни ва мижозлар мамнуниятлигини юксалтириш бўйича 120 дан ортиқ таклифидан «80 фоизи бўйича масала ёпилган»ини маълум қилди. Қолган таклифлар устида иш давом этмоқда.
У компания белгиланган муддатда IPO’га чиқишига ишонч билдирди. «Биз жамоа билан бунинг устида ишлаяпмиз», — деб қайд этди компания раҳбари.