Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини бир неча баробар оширишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик барқарор ривожланмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 28 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.

«Биласизми, Афғонистон билан ҳамкорлик жуда фаол ривожланмоқда. Сўнгги 2 ой ичида мен у ерда 3 марта бўлдим. Худога шукур, ҳаммаси тинч. Мамлакатнинг ўзида ҳам иқтисодиётни ривожлантириш учун жиддий қадамлар ташланмоқда, энергетика ресурсларисиз, электр энергиясисиз эса бунинг иложи йўқ», — деди.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон томони етказиб берилаётган электр энергияси учун тўлов мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда.

«Ҳозирги ҳукумат аввалги ҳукуматнинг қарзларини тўлиқ қоплади. Етказиб берилган электр энергияси учун тўловга келсак, компаниямиз раҳбари («Ўзэнергосотиш») тасдиқлаши мумкин: Афғонистон томонидан ҳеч қандай кечикишлар йўқ, ҳаммаси ўз вақтида тўланмоқда», — дея қайд этди вазир.

Мирзамаҳмудов Ўзбекистон 500 кВ кучланишли «Пули-Хумри» янги электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини амалга оширишни бошлаганини, бу электр энергияси экспортини сезиларли даражада ошириш имконини беришини маълум қилди.

«Президент топшириғига кўра, биз ҳозир ҳамкорликни кенгайтириш устида ишламоқдамиз. Биласиз, биз аллақачон Сурхондарёгача линияларни тортиб, подстанцияларни кенгайтирганмиз. Ҳозир 500 кВ кучланишли «Пули-Хумри» янги электр узатиш линияси қурилмоқда. Сентябрь ойида биз шартнома имзоладик ва ишларни бошлаб юбордик», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Афғонистон томонлари ўз олдиларига улкан вазифа — линия қурилишини 18 ой ичида, яъни 2027 йил 1 апрелгача якунлашни мақсад қилиб қўйган.

«Биз Афғонистон томони билан лойиҳа 18 ой ичида якунланишини келишиб олдик. У амалга оширилгандан сўнг, Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси экспорти бир неча баробар ўсиши керак», — дея хулоса қилди Мирзамаҳмудов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2025 йил 17 август куни Афғонистон билан умумий инвестиция ҳажми 250 млн доллар (аввал 243 млн доллар ҳақида хабар берилган) бўлган қатор келишувларни имзолаган, жумладан:

  • узунлиги 200,6 км бўлган 500 кВ кучланишли «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуриш (ушбу электр узатиш линияси бўйича ишларнинг бошланиш муддати бир неча бор кечиктирилган эди) ва «Хўжа-Алвон» подстанциясини кенгайтириш;
  • «Арганда» подстанциясини 500/220 кВ гача кенгайтириш ва қувватини 800 МВА гача ошириш;
  • «Бутхак» (Кобул) подстанциясидан «Шайх Мисри» (Нангарҳор) подстанциясигача узунлиги 125 км бўлган янги икки занжирли 220 кВ кучланишли электр узатиш линиясини қуриш;
  • 2х25 МВА ва 2х40 МВА қувватга эга 220 кВ кучланишли «Шайх Мисри» (Нангарҳор) подстанциясини қуриш.

Ўзбекистон Афғонистонга 2002 йилдан бери электр энергияси етказиб беради. 2024 йил декабрь ойида Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспорти бўйича келишувни 2025 йилгача узайтирди. Афғонистон электр энергиясининг 80%ни Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан импорт қилади, қолган қисми мамлакат ичида ишлаб чиқарилади.

2025 йилни 9 ойи ичида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар — 762,1 млн доллардан 1,15 млрд долларгача ўсди. Ўзбекистон учун бу Россия (12,2%), Хитой (5,2%) ва Қозоғистондан (4%) кейинги тўртинчи экспорт бозоридир (олтинни ҳисобга олмаганда умумий экспортдаги улуши 3,8%).

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 114,8 млн долларлик электр энергияси экспорт қилган, бу 2024 йилнинг тўққиз ойидаги кўрсаткичдан 1,5 баробар кўп.