
Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон чегарасидаги вазият кескинлашганидан чуқур хавотирда эканини билдирди, деб баёнот берди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги.
«Ўзбекистон томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга, максимал даражада вазминлик кўрсатишга ва кескинликнинг янада кучайишига йўл қўймасликка чақиради», — дейилади баёнотда.
«Барча юзага келаётган келишмовчиликлар фақат тинч, сиёсий-дипломатик воситалар билан, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ҳал этилиши кераклигига ишончимиз комил», — деб қайд этди ТИВ.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 27 февраль куни Покистон «Толибон»га қарши «очиқ уруш» эълон қилди ва Афғонистоннинг бир нечта шаҳарларига ҳаво зарбалари берди.
Исломобод толиблар Афғонистонни «Ҳиндистон колонияси»га айлантирганини ва терроризмни «экспорт қилишни» бошлаганини таъкидлаб, уларни Покистон ҳудудидаги яқинда содир этилган худкуш-террорчилар ҳужумларида айблади.
Воқеалар ривожи
26 февраль куни «Толибон» Покистон кучларининг зарбаларига жавобан чегарадош вилоятларда Покистонга қарши операция бошлаганини эълон қилди.
Ўтган якшанба куни Покистон Афғонистонга бир нечта ҳаво зарбаларини берди, натижада, толибларнинг даъвосига кўра, камида 18 киши ҳалок бўлган. Исломобод зарбалар Покистондаги бир қатор яқинда содир этилган худкуш-террорчилар ҳужумларига, жумладан масжиддаги терактга жавобан Покистон-Афғонистон чегараси яқинидаги жангарилар лагерларига қаратилганини маълум қилди.
2026 йил 27 февраль куни эрталаб Покистон «Ҳаққоний ғазаб» операциясини бошлади ва Кобул, Қандаҳор ҳамда Пактия вилоятидаги толибларнинг ҳарбий объектларига ҳужум қилганини билдирди.
Покистон ҳарбийлари вакилининг таъкидлашича, зарбалар натижасида 228 нафар толиб ўлдирилган, яна 300 дан ортиғи яраланган, «Толибон»нинг 74 та назорат-ўтказиш пункти йўқ қилинган, 18 таси эгаллаб олинган.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги 26 февраль оқшомида, ўз навбатида, Покистоннинг иккита базаси ва 19 та назорат-ўтказиш пунктини қўлга киритганини эълон қилди. Идора даъвосига кўра, 55 нафар покистонлик аскар ўлдирилган.
Покистон ва Афғонистон ўртасидаги кескинлик бир неча ойдан бери давом этмоқда. 2025 йил октябрь ойида икки давлат чегарасида қуролли тўқнашувлар содир бўлган, натижада иккала томондан ўнлаб ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган эди. Кейинроқ давлатлар сулҳ тузишга келишиб олган, бироқ вақти-вақти билан ўзаро ўқ отишлар давом этган, деб қайд этади AP.