
Ўзбекистон-Афғонистон ишбилармонлар кенгаши 2026 йил 26 март куни Тошкентда ўзининг биринчи йиғилишини ўтказди. Икки мамлакат делегацияларига савдо-инвестиция палаталари раислари Даврон Ваҳобов ва Муҳаммад Карим Ҳошими бошчилик қилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, кенгаш таркибига 32 нафар вакил кирди, жумладан, Ўзбекистон томонидан — ССП ва тармоқ уюшмалари раҳбарияти, Афғонистон томонидан — ССП ва етакчи компаниялар раҳбарлари. Улар қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, нефть маҳсулотлари, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларни ифодалайдилар.
Ўзбекистон ССП раҳбари Даврон Ваҳобов кенгаш тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, янги шерикликларни шакллантириш ва инвестициявий фаолликни оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Йиғилишда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Экспорт салоҳиятини кенгайтириш, рақамли божхона тизимларини жорий этиш, молиявий ва суғурта хизматларини ривожлантириш, шунингдек, савдо жараёнларининг шаффофлиги ҳақида сўз юритилди. Кўргазма ва бизнес-форумларни мунтазам ўтказиш режалари белгилаб олинди.
2026 йил март ойи бошида Ўзбекистон президенти Афғонистон билан имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Ушбу ҳужжат ўтган ёзда Тошкентда имзоланган эди.
Сўнгги 5 йил ичида мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми 2,5 бараварга ўсди — 2021 йилдаги 653 млн доллардан 2025 йилда 1,68 млрд долларгача етди (ушбу ҳажмдан Ўзбекистон экспорти 1,5 млрд долларни ташкил этади). Томонлар белгилаган навбатдаги марра — 5 млрд доллар.