
2025 йил 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларида иштирок этаётган Афғонистон саноат ва савдо вазири в.б. Нуриддин Азизийни қабул қилди.
Президент матбуот хизмати хабар беришича, вазир Ўзбекистон раҳбарига Афғонистон раҳбариятининг саломларини етказди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва аграр соҳаларда, шунингдек, геология-қидирув ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашганини, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ва қўшма корхоналар сонининг ўсганини, икки мамлакат компаниялари иштирокида мунтазам равишда бизнес миссиялари ва кўргазмалар ўтказилаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Термиздаги Халқаро савдо маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Май ойида Кобул ва Мозори-Шарифда Ўзбекистон савдо уйлари очилди.
Шавкат Мирзиёев иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
У “Ҳайратон” саноат марказини тезроқ қуриш ва унда фармацевтика маҳсулотлари, мебель, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қувватларни жойлаштириш зарурлигини қайд этди.
Президент, шунингдек, Трансафғон темир йўли ва “Сурхон — Пули-Хумри” электр узатиш линияси қурилиши каби йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлашини билдирди.