
2025 йил 2 октябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча аэропортларининг ИКАО (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти — БМТ муассасаси) коди ўзгарди. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзаэронавигация” марказининг хабар беришича, UT коди ўрнига аэропортларнинг Ўзбекистонга тегишли эканлигини билдирувчи UZ кодидан фойдаланилади.
Айни шу санадан бошлаб мамлакат ҳаво ҳудуди учун ягона ўтиш баландлиги — 13 минг фут, ёки тахминан 4 км (аэродром ҳудудидаги ер юзасидан ҳисобланади) ҳамда ўтиш эшелони — FL150 (FL — парвоз сатҳи, 150 — 15 минг фут, ёки 4,5 км, денгиз сатҳидан баландлик) жорий этилди. Шу пайтгача бу кўрсаткичлар 6000 ва 8000 футни ташкил этар эди.
Ўтиш баландлиги — бу самолёт баландликка кўтарилаётганда барометрик баландлик ўлчагичнинг атмосфера босими қиймати стандарт босимга (760 мм симоб устуни) қайта созланадиган баландлик. Ўтиш эшелони — бу баландлик ўлчагич қиймати аэродром босимига қайта созланадиган шартли парвоз баландлиги (стандарт босим бўйича).
Марказ стратегик деб атаган бу ўзгариш учувчилар ва диспетчерлар ишини енгиллаштиради, радиосеанслар ва қоидалар сонини қисқартиради ҳамда ҳаво ҳаракатини бошқаришни аниқроқ қилади.
Хабарда таъкидланишича, бу нафақат парвозларни хавфсизроқ, балки иқтисодий жиҳатдан тежамлироқ қилади, ёнилғи сарфини ва атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтиради.
Ўзбекистон асосий аэропортларининг кодлари
| Аэропорт | Аввалгиси | Янгиси |
| Тошкент (И. Каримов номидаги) | UTTT | UZTT |
| Тошкент-Шарқий | UTTR | UZTR |
| Самарқанд | UTSS | UZSS |
| Бухоро | UTSB | UZSB |
| Термиз | UTST | UZST |
| Қарши | UTSK | UZSK |
| Навои | UTSA | UZSA |
| Фарғона | UTFF | UZFF |
| Андижон | UTFA | UZFA |
| Наманган | UTFN | UZFN |
| Урганч | UTNU | UZNU |
| Нукус | UTNN | UZNN |

