
Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол ассоциациялари 2027 йилда бўлиб ўтадиган ёшлар терма жамоалари (U-20) ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказиш учун ФИФАга қўшма ариза топширди, дея хабар берди Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати.
Қўшма жаҳон чемпионатини ўтказиш ғояси илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга яқинда бўлиб ўтган ташрифи чоғида янграган эди. Президент Илҳом Алиев ва Озарбайжон халқини Бокуда бўлиб ўтган мини-футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги ғалаба билан табриклар экан, Ўзбекистон етакчиси ФИФА шафелигида навбатдаги халқаро турнирни биргаликда ўтказиш учун қўшма ариза бериш ташаббуси билан чиқди.
Футбол ассоциацияларининг таъкидлашича, сўнгги йилларда иккала мамлакат ҳам футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро майдонда ўз нуфузини мустаҳкамлашда жиддий ютуқларга эришган. Ўзбекистон ва Озарбайжон турнирни юқори ташкилий савияда ўтказишга тайёр эканликларига ишонч билдирдилар.
ЎФА матбуот хизматида қайд этилишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда стадионлар халқаро стандартларга мувофиқ равишда реконструкция қилинган.
Мамлакат йирик турнирларни, жумладан, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатларини (U-20, U-23), шунингдек, 2024 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионатини — Марказий Осиё тарихидаги биринчисини ўтказиш тажрибасини тўплади. ФИФА президенти Жанни Инфантино уни тарихдаги энг яхши мундиаллардан бири деб атади, дея эслатди ассоциация.
«Мамлакатимиз ҳар доимгидек, меҳмонларни анъанаавий ўзбек меҳмондўстлиги, профессионализми ва содиқ мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши билан кутиб олишга тайёр», — дея қўшимча қилди матбуот хизмати.

