Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 20/03/2026

Ўзбекистон Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистонга 290 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами топширди

Ўзбекистон 2026 йил 18 март куни Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини тақдим этди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу ташаббус Рамазон ҳайити байрами муносабати билан афғон халқини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилди, дейилади ТИВ хабарида.

Инсонпарварлик юкининг умумий вазни 290 тоннадан ортиқни ташкил этди. Унинг таркибига ун, гуруч, буғдой, ўсимлик ёғи, тез тайёрланувчи маҳсулотлар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, шунингдек, бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари киритилган.

Инсонпарварлик юкини расмий топшириш маросими Ҳайратонда бўлиб ўтди.

Маросимда сўзга чиққан Балх вилояти губернатори ўринбосари Мавлавий Абу Идрис, Балх вилоятидаги Ташқи ишлар вазирлиги бўлими раҳбарияти, шунингдек, Ҳайратон маъмурияти вакиллари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга «афғон халқига кўрсатилаётган доимий эътибор, ғамхўрлик, амалий ёрдам ва бирдамлик учун» миннатдорлик билдирдилар.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ойбек Усмонов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам иштирок этди.