Ўзбек-француз университети кейинги йилдан қабулни бошлайди

Ўзбекистон президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги қарори билан Тошкентда Ўзбек-Француз университети ташкил этилиши тасдиқланди. Олий таълим муассасасини ташкил этиш бўйича келишув президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил март ойида Парижга давлат ташрифи чоғида эришилган эди.

Университет муҳандислик иши, аниқ ва табиий фанлар, француз тили ва адабиёти, биоинформатика, транспорт хизматлари ва қайта тикланувчи энергетика йўналишларида талабаларни тайёрлайди.

Олий таълим муассасасининг Ўзбекистон томонидан муассиси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Франция томонидан эса Олий таълим, тадқиқотлар ва коинот вазирлиги ҳисобланади.

Икки томонлама Васийлик кенгаши тузилди, у маъмурий-молиявий масалалар, талабаларни қабул қилиш ва аттестациядан ўтказиш параметрлари, контракт миқдори ва бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.

Олий ўқув юрти фаолиятида Франция олий таълим муассасалари консорциуми — Пуатье университети, Ренн университети, Гавр-Нормандия университети ва Люмьер Лион 2 университети иштирок этади. Таркиб Франция томонининг таклифига биноан ўзгариши мумкин.

2025 йил май ойида ушбу Франция олий ўқув юртлари вакиллари Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Франция университетлари ҳамкорлигининг биринчи форумида иштирок этган эди, у ерда янги олий таълим муассасасини ташкил этиш муҳокама қилинган.

2026 йил март ойигача Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбек давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент давлат транспорт университети иштирокида ўзбекистонлик олий ўқув юртлари консорциумини тузиш режалаштирилган.

Франция университетлари консорциуми билан келишув май ойида имзоланиши кутилмоқда.

Университетда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари, шунингдек, ўқишга кириш учун тайёрлов курслари ташкил этилади. Ўқитиш пуллик контракт асосида режалаштирилган. Бундан ташқари, умумий қабул қилинганларнинг 30 фоизидан кўпи давлат грантини олиши мумкин.

Университет 2026 йил январь ойигача рўйхатдан ўтказилиши керак. Талабаларни қабул қилиш 2026–2027 ўқув йилидан бошланади. Қабул шартлари ва муддатлари май ойида эълон қилиниши режалаштирилган.

Битирувчиларга қўшма университет дипломи берилади. Шунингдек, консорциум таркибига киритилган Франция олий ўқув юртининг дипломи ҳам берилиши мумкин. Диплом иккала мамлакатда ҳам тан олинади.

Ректор Ўзбекистон томонидан, биринчи проректор эса Франция томонидан тайинланади. Кадрларни, жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилиш келгуси йилнинг август ойига режалаштирилган.

Қарорда консорциум доирасида ўқитувчиларнинг Франция олий ўқув юртлари ёки корхоналарида стажировка ўтиши ва малакасини оширишини ташкил этиш назарда тутилган.

Университет вақтинча Тошкент давлат техника университетининг бош биносининг бир қисмида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлашади.

2026–2027 йилларда таъмирлашдан сўнг олий ўқув юрти Ўзбек тили ва адабиёти Тошкент давлат университети академик лицейининг биносини олади.

Ўқувчилар 2027 йил май ойигача амалдаги корпусларда ўқишни якунлашлари мумкин.