Тошкентда Ўзбек-Француз университетининг очилиши муҳокама қилинди

19 ва 20 май кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Франциянинг биринчи университет ҳамкорлиги форуми – «Ўзбек-Француз университети: истиқболлар ва ривожланиш» бўлиб ўтди.

Олий таълим муассасасини ташкил этиш бўйича ҳукуматлараро келишув президент Шавкат Мирзиёевнинг март ойидаги Парижга давлат ташрифи чоғида имзоланган эди.

Франция элчихонаси матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур форум 1 сентябрга мўлжалланган университет очилишига, шунингдек, мамлакатлар ўртасида олий таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳасида стратегик шерикликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида қаралди.

Форумни Франция Европа ва ташқи ишлар вазирлиги бош котиби Анн-Мари Декот ҳамда Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов очиб берди.

Француз делегацияси таркибидан 20 нафар киши, жумладан, Пуатье университети ректори ва Франция консорциуми раҳбари Виржини Лаваль, Гавр-Нормандия университети ректори Педро Лагес дос Сантос, Лион 2 университетининг илмий ишлар бўйича проректори Лидия Кудруа де Лилль ва Ренн университети вакили Клер Ле Паж жой олди. Уларга Ўзбек-Француз университетининг бўлажак дастурларида иштирок этувчи ўқитувчилар ва тадқиқотчилар ҳамроҳлик қилди. Франция-Ўзбекистон Халқаро савдо палатаси раиси Жоанна Голас ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан эса консорциумга бирлашган ҳамкор университетларнинг кўплаб ректорлари, проректорлари ва ўқитувчилари қатнашди.

Форумнинг мақсади дастлабки ўқув дастурларига асос солиш эди: хорижий тил сифатида француз тили (FLE) бўйича магистратура, математика ва физика бўйича тайёрлов курслари, шунингдек, 2025 йилдан 2027 йилгача биоинформатика, қайта тикланувчи энергия манбалари, транспорт ва логистика бўйича магистратурани босқичма-босқич йўлга қўйиш.

Анн-Мари Декот «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида шундай деди: «2025 йил Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар учун муҳим йил бўлди. Биз 30 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Бу жуда кенг ва узоқ муддатли шериклик. Бу йил биз ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштирмоқчимиз. Шериклик стратегик тус олмоқда ва мутлақо барча соҳаларни қамраб олмоқда. Биз Ўзбек-Француз университети лойиҳаси каби аниқ лойиҳаларни амалга ошириш орқали шерикликни ривожлантирмоқчимиз. Бундан ташқари, бизда хавфсизлик ва мудофаа, иқтисодий ва дипломатик лойиҳалар ҳам бор. Бизда кўплаб дипломатик алмашинувлар мавжуд ва, албатта, маданият, санъат ва таълим соҳасида ҳам лойиҳалар бор».

Бош котиб таълим соҳасидаги ҳамкорликни «тўлиқ стратегик» деб атади, чунки у иккала мамлакатнинг келажаги бўлган ёш авлодга тегишли. Янги университетнинг ташкил этилиши «нафақат ўзбек ёшлари, балки бу ерга келиб ўқий оладиган француз ёшлари учун ҳам қимматли тажриба бўлади, чунки тажриба алмашинуви жуда муҳим», дея таъкидлади Анн-Мари Декот.

«Биз бир хил муаммоларга дуч келмоқдамиз ва шунинг учун француз ва ўзбек ёшларини бу муаммоларга биргаликда самарали ечим топишга тайёрлашимиз керак», — дея қўшимча қилди у.

Франция элчихонаси хабар беришича, очилиш пайтида янги университет вақтинчалик Тошкент техник университетида жойлашади.